Хизмат интизомини мустаҳкамлаш масаласи кўриб чиқилди
Ички ишлар вазирининг ўринбосари иштирокида Жиззах вилояти ИИБда ходимларнинг хизмат ва ижрочилик интизоми, қонун бузилиш ҳолатлари содир этилишининг олдини олишга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор А.Икрамов, Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик бош бошқармаси, полковник М.Мирзиёев ҳамда вилоят ИИБ раҳбарлари ва шахсий таркиби иштирок этди. Йиғилишни бошқарма бошлиғи ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаев кириш сўзи билан очиб, кун тартибидаги масала юзасидан сўзни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор А.Икрамовга берди.
Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор А.Икрамов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда муҳтарам Президэнтимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида ички ишлар органларида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, бунда соҳани халқ манфаатларига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга қодир профессионал тизимни шакллантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилганлигини, Ички ишлар органларининг моддий-техник базаси тубдан мустаҳкамланганлигини, соҳа ходимлари жаҳон андозаларига мос алоқа, техника ва замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан таъминланганлигини, ходимларнинг ойлик маошлари босқичма-босқич оширилиб, ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади. Шунингдек, кун тартибидаги масала юзасидан ходимлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар, хизмат интизоми ва қонунчиликнинг бузилиши, келгусида ходимлар ўртасида салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида тўхталиб, республика бўйича ходимлар билан боғлиқ бўлган салбий ҳолатлардан мисоллар келтириб хулоса қилишга чақирди.
Тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар ва яратиб берилаётган имкониятларга қарамай, ходимлар орасида ўз хизмат фаолиятига масъулиятсизлик билан қараётган, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этаётганларини таъкидлаб ўтди. Йиғилишда иштирок этган ИИВ ШХББ бошлиғи, полковник Мухтор Мирзиёев кун тартибидаги масала юзасидан танқидий мулоҳаза билдириб, ходимлар билан боғлиқ салбий ҳолатларни келтириб ўтди.
Шаҳар-туман ИИБ бошлиқлари ҳамда ўринбосарлари қатъий огоҳлантириб, келгусида хизмат интизоми ва ходимларига жавобгар шахс сифатида уларга ҳам ўрнатилган тартибда интизомий чора кўрилишини билдирди. Якунда ходимлар билан олиб борилаётган тарбиявий-профилактик ишлар самарадорлигини янада ошириш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида келгусида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгиланди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.