Ходимлар ўртасида тарбиявий-профилактик учрашувлар ўтказилди
Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари ҳамда ҳудудий бўлимларида тарбиявий-профилактик учрашувлар ўтказилди. Тадбирларда асосий эътибор хизмати интизомига риоя қилиш, коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилди.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида ўтган тадбирда бошқарма соҳавий хизматлари ходимлари иштирок этишди. Тадбирда ички ишлар органлари шахсий таркиби ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилишини таъминлаш лозимлиги урғуланди. Шунингдек, тизимида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларга чек қўйиш, қонунбузарликнинг оқибати, шунингдек уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган қамровли ислоҳотлар тилга олинди.
Бундан ташқари, тизимда ходимларга яратилган имтиёзлар ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар билан бирга айрим ходимлар томонидан хизмат интизомини бузиш, порахўрлик, тамагирлик каби салбий ҳолатлар содир этиш ҳолатлари кузатилаётгани айтилди.
Худди шундай, Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси, Пахтакор, Фориш, Дўстлик туманлари ички ишлар бўлимларида ҳам профилактик тадбирлар ўтказилди. Учрашувларда ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтган 2021 йил давомида содир этилган хизмат интизоми ва қонунбузилиш ҳолатлари таҳлил этилди. Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги қабул қилинган фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” ги фармони мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида яратилаётган қулайликлар ҳам маълум қилиниб, хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, кузатилаётган баъзи нуқсонларни бартараф этишга доир мулоҳазалар билдирилди.
Учрашувлар давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Хиёнат” номли видеолавҳа намойиш этилди.
Ишчи гуруҳи вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари билан биргаликда Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиали талаба ёшлари билан ҳам учрашдилар. Тадбирда ички ишлар органлари тасарруфидаги билим даргоҳлари ва олий ўқув юртлари, ушбу муассасаларга қабул тартиблари хусусида маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги “Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2021 йилнинг 15 апрелдаги “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари мазмун-моҳияти, белгиланган вазифалар тушунтирилди.
Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлигининг амалдаги меъёрий буйруқ талабларига асосан ички ишлар органлари хизматига қабул қилиш талаблари маълум қилинди. Учрашувларда ички ишлар органларида хизмат қилиш истагини билдирган ёшлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.