Ҳожатхонадаги милтиқ
Ички ишлар органлари ходимлари Жиззах шаҳрининг Обод маҳалласида яшовчи фуқаронинг турар жойини кўздан кечирганларида ушбу шахс ҳожатхонаси шифтида ноқонуний равишда ов қуроли сақлаётганлигини аниқладилар.
Ўтказилган экспертиза 1974 йилда ишлаб чиқарилган “ТОЗ-34” русумли, 2 стволли, 12 калибрли милтиқнинг отиш учун яроқли эканлигини қайд этди. Хонадон эгаси қуролнинг марҳум отасига тегишли эканлигини билдирган. Фуқарога қонунда белгиланган чора кўрилади.
Фориш туманининг Гараша маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро эса ҳовлисидаги молхонани бузиш жараёнида 1959 йилда ишлаб чиқарилган, “ТОЗ” русумли, 1 стволли, 16 калибрли милтиқ топиб олиб, ички ишлар органларига топширди. Ов қуроли яроқсиз бўлиб чиқди. Терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.