26 Феврал 2022 йил 575

Хотин-қизлар иштирокида хизмат интизомига бағишланган йиғилиш ташкил этилди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида соҳада фаолият юритаётган хотин-қизлар иштирокида хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаев бошқариб борди. Тадбир аввалида мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  фармони бўйича вилоят ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ишлар, хотин-қизларга яратилган хизмат шароитлари, улар фойдаланиши мумкин бўлган имтиёзлар ҳақида сўз юритилди.

Сўнг хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлашга оид масала кўриб чиқилди. Бу жараёнда белгиланган вазифа ва топшириқларни сифатли бажариш, ҳуқуқий меъёрларга амал қилиш, буйруқ талабларига мос кийиниш масалаларига диққат қаратилди. Шунингдек, ходимбай ишлаш орқали соҳада фаолият юритаётган хотин-қизларга моддий-маънавий, ижтимоий-психологик кўмак кўрсатиш борасидаги фаолият таҳлил қилинди.

Кузатилган айрим нуқсонларга ҳам эътибор қаратилиб, фаолияти давомида камчиликларга йўл қўйганлар огоҳлантирилди. Якунда ички ишлар органлари тизимида ўтказиладиган “Фидойи аёл ходима” кўрик-танловида вилоят вакилларининг иштироки масаласи кўриб чиқилди.

Шу куни ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизлар учун психологик тренинглар уюштирилди. Мазкур жараёнда соҳа вакилларининг иродасини чиниқтириш, психологик муаммоларни енгишга оид малакалари оширилди. Айтиш жоиз, бу каби тренинглар тизимда мунтазам ташкил этилаяпти.

Text to speech