Хотира – муқаддас, қадр азиз
Ўтганларни хотирламоқ, айниқса, юрт равнақи, тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида қурбон бўлганлар жасоратини ёд этмоқ элимизнинг эзгу қадриятларидан бири саналади. Шу маънода, мамлакатимизда 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан турли тадбирлар уюштирилаётган айни дамларда ички ишлар органлари тизимида самарали фаолият кўрсатган, марҳум Дониёр Маматқобиловни эслашни жоиз, деб билдик.
Дониёр Маматқобилов 1984 йилнинг 27 октябрида Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Булоқбоши қишлоқ фуқаролар йиғини Чувуллоқ қишлоғида туғилган. У 2008 йилда Жиззах давлат педагогика институтининг жисмоний тарбия ва жисмоний маданият факультетини тамомлади. Дониёр соҳадаги фаолиятини 2009 йилда Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлинмаси милиция таянч пунктлари профилактика инспектори лавозимида бошлади. 2020 йилнинг 14 августига қадар шу тизимда фаолият кўрсатди.
Ўша дамларда ички ишлар органлари ходимлари эл осойишталигини асраш, жиноятчиликка қарши курашиш билан бирга коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида жонбозлик кўрсатаётган эди. Чунончи Дониёр ва ҳамкасблари мунтазам равишда фуқароларнинг карантин қоиадаларига амал қилишларига оид тарғибот олиб борди. Ўз маҳалласи ҳудудида пандемия шароитида қийналиб қолганларга ижтимоий ёрдам кўрсатилишига бош-қош бўлди.
Мазкур жараёнда унга ҳам тожли бало юқди. Шифохонада қилинган муолажалар кутилган натижани бермади ва 2020 йилнинг 6 сентябрида майор Дониёр Маматқобилов ҳаётдан кўз юмди.
Майор Дониёр Маматқобилов умрининг сўнгги йилларида Шароф Рашидов туманининг Зиёкор маҳалла фуқаролар йиғинида осойишталикни таъминлашга масъул эди. Бундан ташқари 9- сонли ички ишлар бўлинмаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳининг профилактика катта инспектори сифатида Жиззахлик, Ховастлик, Маданият маҳаллаларида фаолият олиб бораётган хизматдошларига раҳбарлик қилиш асносида Дониёр Маматқобилов ҳудудда жиноятларнинг олдини олиш ишига катта ҳисса қўша олди.
Дониёр Маматқобиловдан икки ўғил ва бир қиз қолди. Фарзандларидан бири Жасур отасига муносиб давомчи бўлиш ниятида. Бу орзунининг ушалишини барча жигарлари, чунончи Жиззах давлат педагогика институтида ўқитувчи бўлиб ишловчи онаси Гулчеҳра Мўминова чин дилдан хоҳлайди.
Дониёр Маматқобиловнинг қариндошлари тез-тез тўпланиб туришади. Оқибат уфуриб турадиган мазкур даврада у азиз ўғил, меҳрибон ака, севимли ота, суюкли ёр сифатида эсланади ва албатта “Отасининг яшай олмаган умрини тангри болаларига берсин”, деган эзгу тилак дилдан тилга кўчади.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.