Ҳужжатсиз гўштлар манзилига етиб бормади
Гўшт маҳсулотларини ташиш чоғида амал қилиш керак бўлган зарур қоидалар мавжуд бўлиб, бу ўз навбатида истеъмолчини сифатли маҳсулотлар билан таъминлашни кўзда тутади. Айниқса, бугунги жазирама кунларда ушбу тартибга риоя қилмаслик ва эътиборсизлик гўштнинг тезда бузилиши ва истеъмол учун яроқсиз ҳолга келишига сабаб бўлиши мумкин.
Жиззах вилояти ИИО ходимларининг саъйи ҳаракати билан шу каби бир неча ноқонуний ҳаракатларга барҳам берилди. Хусусан, жорий йилнинг 25 июл куни соат 21:00 ларда Ғаллаорол тумани ҳудудида жойлашган “Сангзор-15” ЙПХ масканида Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган “Кобалт” соҳа ходимлари томонидан тўхтатилган. Қашқадарё вилояти Косон тумани Узунқудуқ қишлоғида яшовчи 1992 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги ушбу автомашина текширилганида юкхонада 283 килограмм чорва мол гўшти борлиги аниқланди. Ҳайдовчи гўшт ўзига тегишли эканлигини, гўштни Тошкент шаҳрига сотиш учун олиб кетаётганлигини айтган, аммо ҳеч қандай ҳужжатни тақдим эта олмаган. Шу боисдан гўшт маҳсулотлари вақтинча музхонага жойлаштирилган.
Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари Самарқанддан пойтахт Тошкентга сотиш учун олиб кетилаётган яна бир 284 килограмм гўштни ҳам манзилига етиб боришига йўл қўйишмади. “Исузу”нинг юкхонасида бўлган гўшт “Сангзор-15” ЙПХ масканида тўхтатиб қолинди. Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Қоракулча қишлоғида яшовчи ҳайдовчи автомашина ҳайдовчиси ўзига тегишли гўштга оид ҳеч қандай ҳужжатни тақдим эта олмаган.
Худди шундай Жиззах шаҳрида ҳаракатланаётган “Нексия” ИИО ходимлари томонидан тўхтатилган. Текширув давомида Шароф Рашидов тумани Тараққиёт маҳалласида истиқомат қилувчи 38 ёшли фуқаро ўзига тегишли автоулови салонида 260 килограмм гўштни сотиш учун олиб кетаётгани маълум бўлди. Аммо маҳсулотга оид ҳеч қандай ҳужжатни тақдим эта олмаганлиги боис ушбу гўшт ҳам музхонага жойлаштирилган.
Таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари томонидан махсус жиҳозланмаган автоуловларда ташилаётган сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз қарийиб 2 ярим минг килограммга яқин йирик ва майда шохли ҳайвонга тегишли гўшт махсулотлари белгиланган тартибда йўқ қилинди.