9 Сентябр 2021 йил 589

Ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича фаолият таҳлил қилинди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгашнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, криминоген вазиятни барқарор сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашишга қаратилган ишлар Зарбдор тумани мисолида муҳокама этилди.

Жиноятчиликнинг олдини олиш, уни барвақт аниқлаш ҳамда самарали қарши курашиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолияти, шунингдек, бу идораларнинг бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигига боғлиқ. Айни йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокамаси ва келгусидаги вазифаларни белгилашга қаратилган йиғилишни Жиззах вилояти прокурори Исломжон Эргашходжаев бошқариб борди. Шунингдек, тадбирда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқди.

Йиғилишда масъул ташкилотларнинг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган фаолияти вилоят прокуратураси томонидан ўрганилгани маълум қилиниб, бу йўналишда кузатилган камчиликларга эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш борасидаги камчиликлар тилга олинди.

Йиғилишда вояга етмаганлар иштирокида юз берган кўнгилсиз ҳодисаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳайдовчиларни тайёрлаш жараёнини доимий назоратга олиш, транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашда муҳим омил ҳисобланган йўл белгиларини ўрнатиш ва яроқсизларини алмаштириш борасидаги камчиликлар тилга олинди.

Шунингдек, ҳудуддаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун юк ташишда меъёрга риоя қилиниши, бозорлар, истироҳат боғлари каби аҳоли гавжум жойларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларга нисбатан ўз вақтида қонуний чора кўриш, йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ҳолатлар бўйича терговга қадар текширув ўтказишда қонунбузарликларга йўл қўймаслик уқтирилди.

Кенгайтирилган йиғилишда криминоген вазиятни барқарор сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш масаласи Зарбдор тумани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолияти мисолида таҳлил этилди. Маълум қилинишича, туманда шу йилнинг 30 август ҳолатига умумий жиноятчилик 53 фоизга ошиб, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 43 фоизини ташкил этган. Мудҳиш жиноятлар аксарият ҳолларда оила-турмуш ва оддий маиший муносабатлар замирида келиб чиққан.

Бундан ташқари, хотин-қизлар ва ёшлар иштирокидаги қонунбузилишлар, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар кўрсатиб ўтилди. Давлат органлари, жамоат ташкилотлари томонидан жиноятга мойил шахслар, уларнинг оилалари билан манзилли ишланмаганлиги танқид қилинди. Йиғилишда масъулларга ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жиноятчиликни жиловлаш, осойишталикни таъминлаш ва бу йўналишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Тадбир сўнггида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгашнинг қарори қабул қилиниб, бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech