Идоралараро комиссия фаолияти таҳлил қилинди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси
ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиянинг йиғилиши
ўтказилди.
Ҳудудий идоралараро комиссия раислари ва аъзолари онлайн тарзда
қатнашган йиғилишни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник
Раҳматулла Бўриев олиб борди. Йиғилишда мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 14
мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш
тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга
оширилган ишлар натижасида ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда
ижобий кўрсаткичлар қайд этилди.
Танқидий-таҳлил руҳида ўтган йиғилишда вояга етмаганлар, ёшлар, хотин-қизлар иштирокидаги
қонунбузарликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаб ҳамда омилларига эътибор
қаратилди. Нотинч ва носоғлом муҳитдаги оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни
ўрганиш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахсларни ижтимоий мослаштириш, ишсизликка
барҳам бериш, фуқаролар йиғинлари еттиликларининг ижтимоий профилактика
объектлари билан олиб бораётган ишларида кузатилаётган камчиликлар ҳам тилга
олинди.
Йиғилиш якунида жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш, жамоат
хавфсизлиги ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлашга қаратилган келгусида вазифалар белгилаб олинди.