Ҳушёрлик унутилганда
Жиззах вилояти Дўстлик тумани Манас маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи “Тошкент - Термиз” М-39 йўлининг 942- километрида орқага қайтиш учун бурилган “Nexia” айни шу русумдаги бошқа бир автоулов билан тўқнашган. Оқибатда йўналишни ўзгартирган “Nexia” йўловчиси, Самарқанд вилояти Булунғур тумани Бешкуби маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Б.Х. думғаза суяклари ёпиқ синиши, умуртқа жароҳати ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Вилоятнинг Мирзачўл тумани Гагарин шаҳри Халқлар дўстлиги кўчасида тунги соат 22.30 да “Lacetti” ва “Сaptiva” тўқнашди. Йўл-улов ҳодисасига светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган “Lacetti” ҳайдовчиси, Мирзачўл тумани Ғалаба маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Х.Ф. сабаб бўлган.
Оқибатда Х.Ф. бош мия ёпиқ шикастланиши, чайқалиши, чап ёноқ тўқималарининг лат ейиши, кўкрак қафаси кесилиши, 3,4,5,6- чап қовурғаларининг синиши ташхиси билан туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.