19 Ноябр 2022 йил 503

Ички ишлар органлари ходимлари кино ижодкорлари билан учрашди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси, соҳавий хизматлар вакиллари иштирокида ўтган мазкур дарсда бошқарма ходими, катта лейтенант Маъруф Хамидов “Туркий давлатлар бирдамлиги – ривожланиш сари қадам” мавзуида чиқиш қилди. Нотиқ томонидан Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган туркий давлатлар ташкилотининг янги форматдаги илк саммити ҳақида атрофлича маълумот берилди. Жумладан, ушбу ташкилотга кирувчи давлатлар ҳудудида 150 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилиши, Ўзбекистон бу тузилма фаолиятида 2019 йилдан буён фаол иштирок этиб келаётгани, ўтган қисқа давр ичида давлатимиз раҳбари томонидан ташкилотга аъзо мамлакатлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган 30 дан ортиқ ташаббус ва таклифлар илгари сурилгани баён этилиб, мазкур саммитда эришилган сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган келишувлар ҳақида сўз юритилди.

Шундан сўнг йиғилиш қатнашчиларининг таниқли кино ижодкорлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулчеҳра Саъдуллаева, Абдуҳалил Мингноров ҳамда киноактёр Улуғбек Юнусовлар мамлакатимизда илм-фан, санъат ва маданиятни, хусусан кинони ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида фикр билдирдилар. Кинофильмлар ишлаш, замонамиз қаҳрамони образини яратиш каби масалаларга тўхатилиб ўтилди. Ўз навбатида йиғилиш иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга санъаткорлардан жавоблар олишди.

Якунда меҳмонлар Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тарихи музейида бўлдилар. Уларга экспонатлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Text to speech