9 Феврал 2022 йил 701

Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилоятида

Мамлакатимиз Президенти топшириғи асосида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилоятида ўрганиш ишларини бошлади. Бу жараёнда жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш, маҳаллаларни жиноятдан холи хавфсиз ҳудудга айлантириш борасидаги фаолият самарадорлиги ўрганилиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш чоралари кўриляпти. Худди шундай, ички ишлар органлари тизимида хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилишини назорат қилиш, махсус тезкор-қидирув ҳамда профилактик тадбирларни ўтказиш масалаларига эътибор қаратилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керак, ишчи гуруҳ вилоятдаги фаолиятини масалага алоқадор масъуллар иштирокидаги йиғилиш билан бошлади. Тадбирда Пўлат Бобожонов ўтган йилнинг 12 февралдаги ИИВ ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида республикамиз Президенти томонидан берилган топшириқлар ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 ноябрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида амалга оширилган ишларга диққат қаратиш зарурлигини уқтирди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳи аъзолари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича олиб борилган ишлар аҳволини ўрганишга киришдилар. Хусусан, Ички ишлар вазири бошчилигидаги гуруҳ янгидан барпо этилаётган Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маъмурий биноси қурилиши жараёни билан танишди. Бинонинг бунёд этилишига оид тавсиялар ҳамда ҳудудни ободонлаштириш ишлари юзасидан тегишли топшириқлар берди.

Ўрганиш давомида вилоят ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси, тиббиёт бўлими ҳамда Жиззах шаҳридаги 3-сонли ички ишлар бўлими фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди.

Шу куни вазир Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи фаолияти билан танишиб, ўқувчилар билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, ватанпарварлик туйғусини юксалтириш, уларга яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида фикр юритди.

Кун давомида вилоят марказидаги 4-сонли ҳуқуқ-тартибот масканида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Бу жараёнда маҳалла фаоллари, хусусан хокимнинг иқтисодий масалалар бўйича ёрдамчилари, ёшлар етакчилари профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш масалалари кўрилди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур ҳуқуқ-тартибот маскани ҳудудидаги 10 минг 337 нафар аҳоли истиқомат қиладиган Иттифоқ маҳалласида жорий йилда жиноят содир этилмаган. Бу кўрсаткич маҳаллада олиб борилган профилактик тадбирлар, хусусан “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлаш натижаси сифатида баҳоланмоқда.  

Вазир бошчилигидаги ишчи гуруҳ эътибори Жиззах шаҳри марказида жойлашган “Ишга марҳамат” мономарказига ҳам қаратилди. Бу ерда марказ фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Чунончи, айни вақтда марказда 629 нафар фуқаро 32 та йўналиш бўйича касб-ҳунарга ўқитилаётгани, шунингдек муассасада рус, инглиз, корейс, япон ва хитой тиллари ўргатилиши билдирилди.

Худди шу тартибда вилоятнинг шаҳар ва туманларида ҳам ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

ИИВ Ахборот хизмати

 

Text to speech