28 Сентябр 2021 йил 705

Ички ишлар вазири ўринбосари Жиззахда сайёр қабул ўтказди

Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги Адиробод қишлоқ фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Нажмиддин Тураходжаевнинг сайёр қабули бўлиб ўтди. Унда Зарбдор туманининг Шарқ юлдузи, Адиробод, Ойбек ҳамда Ёшлик қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси қатнашди.

Тадбир аввалида ишбилармонлик фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган 2 нафар фуқарога имтиёзли шартларда кредит олиш имконини берувчи сертификатлар, “Аёллар дафтари”да турган хотин-қизларга субсидия асосида 5 та тикув машинаси ҳамда 4 та микротўлқинли печь топширилди.

Бундан ташқари “Темир дафтар”да турган 8 нафар фуқарога озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 16 ёшга тўлган бир гуруҳ ёшлар Ички ишлар вазири ўринбосаридан шахсни тасдиқловчи ID карталарни қабул қилиб олишди. Яна 2 кишининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш билан боғлиқ узоқ йиллик орзуси ушалди.

Тадбир давомида тенгдошларига ибрат бўлаётган фаол ёшларга “5 муҳим ташаббус” доирасида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг фахрий ёрлиқлари ва китоблар жамланмалари топширилди. Шундан сўнг бўлиб ўтган мулоқотлар жараёнида ишга жойлашиш, хорижга чиқиш паспортини олиш, нафақа билан таъминлаш, соғликни тиклаш, тадбиркорлик учун кредит ажратиш, олий ўқув юрти контракт тўловини тўлаш, йўллар таъмири, ичимлик суви, оқар сув, табиий газ таъминотини яхшилаш, йўл белгилари ўрнатиш, уй-жойни таъмирлаш, спорт зал барпо этиш, тадбиркорлик субъектини электр қуввати билан таъминлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш юзасидан талаб ва таклифлар билдирилди.

Ушбу масалалар юзасидан 3- сектор ишчи гуруҳи, хусусан, Жиззах вилояти ҳамда Зарбдор тумани ташкилотлари ва корхоналари масъулларига топшириқлар берилиб, муаммоларга ечим топиш муддатлари белгиланди. Айрим масалалар жойида ҳал қилинди. Хусусан, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган бир нафар талабанинг олий ўқув юрти учун контракт тўловининг 50 фоизи тўлаб бериладиган бўлди.

Шу куни Зарбдор туманини ижтиомий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3- сектор штаби биносининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Туман фаоллари иштирокида ташкил этилган тадбирда Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Нажмиддин Тураходжаев, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, Зарбдор тумани ҳокими Зафар Рўзиевлар сўзга чиқиб, мамлакатимизда сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги, фуқаролар турмуш маданиятини юксалтириш, саноат корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш борасида эришилаётган натижалар тилга олинди.

Сўнгра рамзий лента қирқилиб, йиғилганлар 3- сектор штабида яратилган қулайликлар билан танишдилар. Маълумот ўрнида айтиш керак, туман марказида барпо этилган мазкур бинода сектор ишчи гуруҳи фаолияти учун барча шароитлар мавжуд.  Мажлислар зали ҳам бор. Бу ерда 3- секторга қарашли Ойбек, Шодлик, Дўстлик, Наврўз, Янгикент, Адиробод ҳамда Нуробод қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг географик жойлашуви, аҳоли таркиби, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганлар, қилинган мурожаатлар ва мазкур мурожаатларнинг ижроси бўйича атрофлича маълумот олиш мумкин. 3- секторда амалга оширилаётган ишлар шароитларга мос, десак хато бўлмайди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech