Ички ишлар вазири Жиззахдаги мактаб-интернат билан танишди
Шу йилнинг январь ойида республикамиз Президенти ташаббуси билан жойлардаги кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун мўлжалланган ўқув муассасалари ички ишлар органлари бириктирилган эди. Шу маънода Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Жиззах шаҳридаги вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бўлиб, муассаса шароитларини ўрганди.
Пўлат Бобожонов Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасига бириктирилган мазкур мактаб-интернат фаолияти билан танишар экан, муассаса педагогик жамоасининг таълим сифатини оширишга доир таклифларини тинглади. Бу жараёнда 150 ўринли мактаб-интернатида 286 нафар ўқувчи билим олиши маълум қилинди. Ўқув ўринлари сонини кўпайтиришга синфхоналарни мослаштириш йўли билан эришилган.
Худди шундай, 150 ўринли ётоқхонага қўшимча кроватлар қўйилиб, 240 нафар ўқувчи жойлаштирилган. Ошхонада ўрин етишмаслигидан ҳаммани бир вақтда қамрашнинг иложи йўқ. Бундан ташқари ўқув қуроллари, махсус принтерлар, китоблар, айниқса брайл ёзувидаги адабиётлар, спорт анжомлари камлиги билдирилди.
Пўлат Бобожонов бу йўналишдаги мактабларни ички ишлар органлари патронажлигига беришдан мақсад муаммоларни бартараф қилиш эканлигини маълум қилди ва кўзи ожизларга мўлжалланган ўқув ва кўргазмали қуроллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, болаларнинг билимларини ошириш ҳамда уларни касб-ҳунарга ўргатишга оид таклифлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, ўқувчиларнинг математика, санъат ва спортга доир иқтидорларини юзага чиқариш имкониятларига тўхталди.
Ўз навбатида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров мактаб-интернат ҳудудида барпо этилиши кўзда тутилаётган қўшимча бино ҳақида маълумот берди. Мазкур иншоотда 100 нафар ўқувчига мўлжалланган синфхоналар, 100 ўринли ётоқхона, 150 ўринли ошхона ҳамда 110 ўринли маърифат зали бўлиши баён этилди.
Шундан сўнг Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов вилоят ҳокимлиги, 20 дан ошиқ бошқарма, ташкилот ва корхоналар масъуллари иштирокида йиғилиш ўтказди.
Тадбир давомида мактаб-интернатда таълим шароитларини яхшилаш бўйича фикр ва тавсиялар билдирилди. Жумладан, электр қуввати узлуксизлигини таъминлаш, шифокорлар сонини ошириш ҳамда молиявий қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилди. Вазир кўтарилган масалалар юзасидан масъулларга топшириқлар берди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати