ИИБ бошлиғи қизил тоифадаги маҳаллаларда бўлди
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров вилоятдаги криминоген вазиятига кўра қизил тоифага киритилган маҳаллаларда бўлиб, бешликлар билан мулоқот ўтказмоқда. Жумладан, ИИБ бошлиғи Арнасой туманининг 3218 нафар фуқаро истиқомат қиладиган Олтин водий маҳалласида бўлди.
Маҳалла бешлиги билан ўтказилган суҳбат давомида ҳудудда содир этилган жиноятларнинг сабаб ва омиллари, фуқаролар йиғини раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаолининг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган фаолияти, профилактика инспектори томонидан киритилган хулосалар бўйича қилинган ишларга эътибор қаратилди. Шу билан бирга мазкур йўналишларда юритилаётган иш ҳужжатларининг сифати ҳам ўрганилди.
Айни мазмундаги учрашув Мирзачўл туманининг 4700 киши яшайдиган Мустақиллик маҳалласида ҳам бўлиб ўтди. Айтиш жоиз, маҳалла бешликлари билан кечаётган суҳбатлар давомида шаҳар ва туманлар ҳокимлари иштирок этмоқда. Бу жиҳат айрим масала ва муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш имконини беряпти.