ИИБ бошлиғига бириктирилган ёшларга кўмак кўрсатилмоқда
Жорий йилнинг 11 апрель куни республикамиз Президенти раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш ўтказилган ва мазкур тадбирда давлат идоралари масъулларига ёшларни бириктириш ташаббуси кўтарилган эди. Шу маънода Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировга 55 нафар ёшлар бириктирилган бўлиб, 3- сектор раҳбари томонидан уларнинг муаммоларини ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, Жиззах шаҳрининг Иттифоқ маҳалласида яшовчи Мақсуд Муродуллаевнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва фуқаролик паспорти йўқлиги аниқланиб, унга ушбу ҳужжатларни расмийлаштириш чоралари кўрилди. Мақсуд Муродуллаевга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда ID картани вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров топширди.
Шунингдек, вилоят ИИБ ҳисобидан Жиззах шаҳрининг Тинчлик маҳалласида яшовчи Достон Ботировнинг турар жойи кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб берилди. Айни вақтда унинг уйини таъмирлаш ва электр таъминоти узлуксизлигини таъминлаш чоралари кўрилаётир. Ўз навбатида вилоят ИИБ бошлиғи Достон Ботиров билан суҳбатлашди ва унинг доимий тарзда қўллаб-қувватланишини билдирди.