ИИВ Жиззах академик лицейида ўқув йили кўтаринки руҳда бошланди
Бутун республикамиздаги таълим муассасаларида бўлгани каби ИИВ Жиззах академик лицейида ҳам янги ўқув йили бошланишига бағишланган тадбир “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида уюштирилди. Тантанада одатдагидек Жиззах вилояти ИИБ масъуллари ва соҳа фахрийлари ҳозир бўлишди.
Тадбирда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Ҳамидулло Абдуллаев сўзга чиқиб, йиғилганларни истиқлолимизнинг 31 йиллиги билан муборакбод этди. Шунингдек, нотиқ мамлакатимизда улғаяётган авлод вакилларининг билим олишлари ва касб-ҳунар эгаллашлари учун яратилган шароитлар тўғрисида атрофлича тўхталди.
Худди шундай, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, етук ва малакали кадрлар тайёрлашда ИИВ таълим муассасалари, хусусан 357 нафар ўқувчи билим олаётган Жиззах академик лицейининг аҳамияти тўғрисида фикр юритилди. Ўз навбатида ёшларга илм бериш, касбий тайёрлаш ва уларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини мустаҳкамлашда фидойилик намуналарини кўрсатаётган ўқитувчилар ҳамда фан, спорт ва санъат йўналишларида юқори натижаларни қайд этаётган ўқувчиларнинг ютуқ ва натижалари эътироф этилди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, таълим муассасасини ўтган ўқув йилида тамомлаган битирувчиларнинг 30 нафари ИИВ академияси, 16 нафари ҳарбий йўналишдаги, 185 нафари фуқаровий олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган.