28 Июл 2023 йил 394

“Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ташкил этилди

Жиззах вилояти ИИБда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида сайёр ўқув курси ташкил этилди. Мазкур ўқувда вилоят ИИОнинг тезкор-қидирув, тергов бошқармаси, ИИВ ЖИЭД 3- минтақавий ҳудуд 29- ва 30- сонли манзил колониялари ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари иштирок этишди.

Мамлакатимиз Президентининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ташкил этилган ўқув машғулоти аввалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Яхёжон Абдулхаков ўқув курси очилиши муносабати билан видео-мурожаат йўллаб, маърузачи ва тингловчиларни қутлашди.

Семинарда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси масъуллари, мутахассислар, ИИВ Академияси, ИИВ Малака ошириш институти профессорлари томонидан маърузалар қилинди. Хусусан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар, қийноққа қарши конвенцияга Факультатив протоколи, қийноқларнинг олдини олишга оид миллий превентив механизмлар: халқаро тажриба ва миллий амалиёт ҳақида тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши ҳамда қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти, камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланилиши, қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари ҳақидаги маърузаларда сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, қийноққа солишга қарши курашишда халқаро амалиёт ва миллий тажриба, халқаро стандартлар хусусида ҳам сўз борди.

Бундан ташқари вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар, Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти, ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари ҳақида тушунчалар берилди. Машғулотларда олинган билимлар амалий машғулотларда мустаҳкамлаб борилди.

Қисқаси, мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури асосида ўтказилган машғулотлар орқали тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг қийноққа солишга қарши курашишда халқаро амалиёт ва миллий тажрибани қўллашга оид кўникмалари янада оширилди. Ўқув курси якунида тингловчилардан синовлар олиниб, ходимларга сертификатлар топширилди.

Text to speech