11 Январ 2022 йил 614

Ижтимоий тармоқда эълон қилинган воқеа аслида қандай бўлганди

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини Ёшлик кўчаси 1/6- уйда яшовчи Зулхумор Хонназарованинг тан жароҳати олганлигига оид видеоматериал тарқалди. Айтиш жоиз, мазкур видеоматериалда Зулхумор Хонназарова билан рўй берган воқеа тафсилотлари нотўғри баён этилган.

Қисқаси, 2022 йил 2 январь куни 1966 йилда туғилган Зулхумор Хонназарова республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалидан тиббий ёрдам олган. Шунингдек, аёл Шароф Рашидов тумани ИИБ га ариза билан мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи В. Ҳ. ҳамда ўғли А.Ҳ. уни урганлиги, шу сабабли турмуш ўртоғига чора кўришларини сўраган.

Бундан ташқари 2022 йил 3 январь куни Шароф Рашидов тумани Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ш.М. ички ишлар органларига мурожаат қилиб, Зулхумор исмли аёл унинг турар жойига келиб, жанжал чиқараётганлигини билдирган. Ушбу ҳолат ва мурожаатларнинг барчаси бўйича қонунда белгиланган ҳаракатлар амалга оширилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Яна ҳам аниқроғи, олиб борилган суриштирувлар давомида Зулхумор Хонназарова ҳамда унинг турмуш ўртоғи 2022 йил 2 январь куни ўғли А.Ҳ.никига боришгани маълум бўлди. Шу ерда Зулхумор Хонназарова ҳомиладор келини М.Н билан жанжаллашган. Мазкур жанжал тўғрисида ички ишлар органларига А.Ҳ.нинг қўшнилари хабар берганлар. Воқеа жойига етиб келган профилактика инспектори ҳолатга аниқлик киритиб, профилактик тушунтириш ишларини олиб боради. Оила аъзолари тинчланиб, бошқа жанжал қилмасликларини маълум қилишгач, ички ишлар органлари ходими кетади.

 Аммо орадан 1 соат ўтгач А.Ҳ.нинг уйида яна жанжал бўлаётгани тўғрисида ички ишлар органларига хабар берилган. Манзилга 2 нафар профилактика инспектори етиб борган. Вазиятга аниқлик киритган ички ишлар органлари ходимлари содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Зулхумор Хонназаровани соат 21.34.да  наркология диспансерига жойлаштиришган. Профилактика инспекторларининг бундай йўл тутишларига Зулхумор Хонназарованинг жанжаллашишдан тўхтамаганлиги сабаб бўлган.

Наркология диспансери қайдномасида Зулхумор Хонназарова алкоголь тасиридан мастлик ҳолати ўрта даражада эканлиги, танасининг лаб қисми ва тирсакларида шилинма жароҳатлар мавжудлиги, шунингдек Зулхумор Хонназарова ушбу жароҳатлар турмуш ўртоғи томонидан етказилганлигини маълум қилгани тўғрисидаги ёзувлар киритилган.

Суд-тиббий экспертизаси Зулхумор Хонназарованинг жароҳатини соғлигининг бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати сифатида баҳолаган. Зулхумор Хонназарованинг оила аъзолари Б.Ҳ., А.Ҳ., М.Н. ўз кўрсатмаларида ИИБ ходимлари аёлга жароҳат етказишмагани, жароҳатларни турмуш ўртоғи Б.Ҳ. етказганлигини маълум қилишган. Ўз навбатида Б.Ҳ.нинг турмуш ўртоғига тан жароҳати етказганлиги юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилмоқда. Худди шундай, вазиятга атрофлича аниқлик киритиш мақсадида профилактика инспекторларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.    

Text to speech