26 Ноябр 2024 йил 3240

“Яшил макон” лойиҳаси доирасида Жиззах вилояти ИИБ ходимлари томонидан дарахт кўчатлари экилди


Шароф Рашидов туманидаги Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасига қарашли 23 гектар майдонга эга боққа соҳа вакиллари томонидан 2 минг туп олма, гилос ва нок ниҳоллари экилди. Натижада боғдаги дарахтлар сони 5 ярим мингтадан ошди. Экинларни суғориш мақсадида 3 та артезиан қудуғи ковланиб, 3 гектар ерда томчилатиб суғориш тизими юзага келтирилган. Келаси йил бошига қадар яна бир ярим гектар майдонда томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Умуман, олганда Жиззах вилояти ҳудудий ички ишлар органлари ва соҳавий хизматлари ходимлари бу йил кузда 5 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишни мўлжаллашганди.          Мазкур режа бугунда 2 минг 16 тупга ошириб бажарилган. Экиш даври тугагунга қадар яна минг туп ниҳол ўтқазиш кўзда тутиляпти.

Натижада бу йил ҳисобига соҳа вакиллари меҳнати билан вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманида биттадан боғ юзага келтирилди. Бинобарин, айни мақсадда Бахмал ва Зомин туманлари ички ишлар органлари ходимлари минг тупдан, Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси шахсий таркиби 800 туп, арнасойлик соҳа вакиллари эса 700 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ерга қададилар.


Text to speech