“Яшил макон” лойиҳасида ички ишлар органлари ходимлари фаол иштирок этди
Президентимиз рaислигидa шу йилнинг 11 октябрь куни
ўтказилган видеоселектр йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги
мавсумини ташкил этиш доирасидаги ишлар кўриб чиқилиб, устувoр вaзифaлaр ва
чора-тадбирлар аниқ белгилаб берилган эди. Шу асосида Жиззах вилоятида ҳам кўламли
ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишда Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари
ҳам фаол иштирок этишаяпти.
Зафаробод туманининг Самарқанд маҳалласида “Обод хонадон”,
“Обод кўча” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида бунёдкорлик ишлари олиб
борилмоқда. Ўтган шанба куни маҳаллада ҳашар уюштирилди. Маҳалланинг бўш турган
2 гектар ерини боққа айлантириш мақсад қилинган хайрли тадбирда тумандаги
корхона ва ташкилотлар, маҳалла аҳли ҳамда кенг жамоатчилик қатори вилоят ИИО ходимлари
ҳам жонбозлик кўрсатишди.
Таъкидлаш жоиз, кўчатлар ҳудуднинг иқлим шароитидан
келиб чиқиб боғлар ҳосил қилиш ва кўкаламзорлаштиришни назарда тутган ҳолда
танлаб олинди. Ҳашар давомида вилоят 3- сектор раҳбари эндиликда ўтқазилган
кўчатларни агротехник талаблар асосида парвариш қилиш, минерал ва органик
ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб бориш зарурлигини
уқтирди. Шу кунги ҳашарда жами 2 мингта мевали ва манзарали дарахт кўчатлари
ўтқазилди.
Жараёнда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор
Ғайрат Қодиров ҳудудда дастур доирасида олиб борилаётган ишлар, маҳалла
фуқаролар йиғини идораси қурилишининг бориши билан ҳам танишди. Масъуллар
иштирокида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилиниб, ободлик ишларини янада
кенгайтириш бўйича вазифалар белгиланди.
Дарақиқат, юртимизда кўчат экиб боғ яратиш ташаббуси
кенг кўлоч ёйган. Қайсики ҳудудда бўлманг, айни йўналишда қизғин иш олиб
борилаётганига гувоҳ бўласиз. Дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган умуммиллий
лойиҳа доирасида вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан яна бир эзгу ишга қўл
урилди. Хусусан, Шароф Рашидов туманининг Оқтош ота МФЙ ҳудудида барпо
этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви ёнидаги адирликда ички ишлар боғи барпо
этилаяпти. Кўчат экиш ишларида вилоят ИИБ соҳавий хизматлари ходимлари томонидан
иқлим шароитига мос бўлган 600 та мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилди.
Қайд этиш жоиз, мазкур мазкур ҳудуд лалми жой
эканлиги ҳисобга олиниб, дарахт кўчатларини суғориш масаласига алоҳида эътибор
қаратилган. Айни мақсадда зарур чоралар белгиланиб, уни амалга ошириш, шу билан
бирга экилаётган кўчатларни парваришлаш, минерал ва табиий ўғитлар билан
озуқалаш ҳам кўзда тутилган.
Бугунги кунда экологик муаммолар кўплаб
мамлакатларнинг глобал мавзусига айланиб улгурган. Бу эса, бутунжаҳон
ҳамжамиятини она табиатни асрашга чақирмоқда. Жиззах вилояти ички ишлар
органлари ходимлари ҳам ҳаётимиз, саломатлигимиз учун муҳим бўлган дарахт экиш
ишларида фаоллик кўрсатиш орқали атроф-муҳитни соғломлаштириш, хилма-хил
манзаралар барпо этишда ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.