22 Феврал 2025 йил 126

“Яшил макон“ умуммиллий лойиҳаси доирасида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари муносиб ҳисса қўшмоқда

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишда Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Чунончи, улар Шароф Рашидов туманининг “Куёвбоши” маҳалласида 8 гектарлик боғ яратишга бел боғлашган. Айни мақсадда 150 нафар соҳа вакиллари иштирокида ҳашар уюштирилиб,  250 туп тоғ гилоси, 250 туп чилонжийда, 250 туп аҳмадий пистаси, 250 туп гожи, 250 туп бодом ниҳоллари ўтқазилди.

Ҳашарда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ҳам иштирок этди. Шунингдек, 3- сектор раҳбари мазкур боғда томчилатиб суғоришни йўлга қўйишга оид лойиҳа билан танишди. Бу жараёнда қирлик устида 250 метр куб сиғимга эга иншоотни барпо этиш ҳамда 1 километрдан ошиқроқ узунликда қувур ётқизишга келишиб олинди

Бошқарма бошлиғи маҳалладаги ички ишлар органлари ходимлари учун барпо этилаётган якка тартибдаги турар жойлар қурилишини ҳам кўздан кечирди. Қурувчилар билан кечган мулоқотда 28 ўринли меҳмонхона ҳамда автомобиллар тураргоҳини бунёдга келтириш, ичимлик суви, табиий газ ва оқова тармоқларини тортиш ҳамда қуёш панеллари ўрнатишга доир масалалар тилга олинди.  

Маълумот ўрнида айтиш керак, ҳудудда ички ишлар органлари ходимлари учун 56 та якка тартибдаги турар жой фойдаланишга топширилган. Айни вақтда яна 48 та ана шундай уй қурилмоқда. Айтганча, жорий мавсумда 8 гектарлик қирликнинг 5 гектарини кўкаламзорлаштириш мўлжалланяпти. 

Text to speech