Инсонпарварлик тамойили - амалда
Жиззах вилояти ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шу қаторда ИИО пробация гуруҳи ҳисобида туриб жазо ўтаётган шахсларни ижтимоий мослаштириш ва қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш, белгиланган тартибга амал қилиб, тузалиш йўлига ўтганларига инсонпарварлик тамойили қўлланилмоқда. Хусусан, Арнасой тумани ИИБ пробация гуруҳининг тақдимномаси асосида ЖИБ туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилди.
Судда қилган ишидан чин кўнгилда пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган Арнасой тумани ИИБ ЖХХ пробация гуруҳи ҳисобида озодликни чеклаш, ахлоқ тузатиш ҳамда муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 6 нафар маҳкумларнинг иши кўрилди. Ушбу шахслар жазо ўташ даврида белгиланган тартибга оғишмасдан риоя қилгани, иш ва яшаш жойидан, шунингдек пробация гуруҳи томонидан ижобий тавсифланганлиги боис муддатидан илгарли шартли равишда озод этилди.
Шу куни маҳкумларга жазо ўташ тартиби, белгиланган қоидаларга тўлиқ риоя қилганларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган енгилликлар ҳамда жазодан бўйин товлашнинг хуқуқий оқибатлари ҳам тушунтирилди.