Институтда профилактик тадбир ўтказилди
Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш бўлинмаси ходимлари Жиззах политехника институтида талабаларнинг дарсларга қатнашиши ўрганилди.
Аниқланишича, институтнинг қурилиш материаллари муҳандислик факультетининг биринчи босқич 802- гуруҳида 8 нафар, 803- гуруҳида 21 ва 804- гуруҳида 13 нафар талаба дарс машғулотларида сабабсиз қатнашмаган. Худди шундай, кимё технологиялари ва транспорт факультетларининг 2 та гуруҳида 5 ва 10 нафардан талабалар дарсга келмаган.
Тадбирда дарс машғулотларида талабаларнинг тўлиқ қатнашишини таъминлаш бўйича масъулларга топшириқлар берилди. Бундан ташқари, ички ишлар органлари ходимлари томонидан ёшларнинг сумкада совуқ қурол ёки ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли ҳамда бошқа турдаги жиноят қуроли сифатида ишлатилиши мумкин бўлган буюмларни олиб юрмасликлари тушунтирилди.
Шунингдек, Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси томонидан талаба ёшлар иштирокида учрашув уюштирилди. Жиззах шаҳрида қонунбузарликлар содир этганлар орасида институт талабалари ҳам борлиги ачинарли эканлиги тилга олинди. Оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ ҳолатларнинг оқибатлари, унга йўл қўйган сабаб ва омиллар қайд этилди. Шунингдек, фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик, банк пластик карталарининг яширин кодларини ҳеч кимга айтмаслик, турар жойларида табиий газдан фойдаланишда эҳтиёткор бўлишлари лозимлиги етказилди.
Хуллас, профилактик тадбирда ёшларга ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррарлиги уқтирилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати