15 Апрел 2022 йил 562

Иш фаолияти секторлар кесимида таҳлил қилинмоқда

Аввал хабар берганимиздек, республика идоралараро ишчи гуруҳи Жиззах вилоятида бўлиб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, қонунбузарликларга қарши курашиш, вилоят, шаҳар ва туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти ҳамда давлат дастурларининг ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар билан атрофлича танишмоқда.

Жумладан, ўрганишларнинг иккинчи куни Дўстлик туманининг 6 минг 227 нафар фуқаро истиқомат қиладиган Қаҳрамон маҳалласида бўлинди. Бу ерда маҳалла тадбиркорлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, шунингдек аҳолини банд қилиш мақсадида имтиёзли кредит асосида ажратилган ерга ишлов бериш ва ўриш кичик техникалари намойиш қилинди. Бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам уюштирилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинида оқсоқоллар, профилактика инспекторлари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари билан суҳбатлашилиб, секторлар кесимида эҳтиёжманд қатламга кўрсатилаётган ёрдам, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва ҳудуддаги саноат корхоналари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, маҳалладаги 631 нафар ўқувчи таълим оладиган 11-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ҳамда 120 ўринли “Elnoza kids” нодавлат мактабгача таълим муассасасининг фаолияти билан танишилди. Мазкур жараёнда мактаб кутубхонасига 100 дан ошиқ китоб ҳамда мактабгача таълим муассасасига ўйинчоқлар топширилди.

Бундай ташқари 60 нафар ишчи-ходим фаолият кўрсатаётган “Nursher textil” МЧЖга борилди. Маълумот ўрнида айтиш керак, ушбу корхонада йилига 420 минг дона кийим-кечак ишлаб чиқарилиб, маҳсулотнинг 85 фоизи Россияга экспорт қилинади.

Ишчи гуруҳ аъзолари Саноатчилар маҳалласида жойлашган туман ИИБ ЙҲХХ биносида яратилган хизмат шароитларини кўздан кечирдилар. Мазкур жараёнда вилоятда йўл ҳаракатини хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йўл-улов ҳодисаларининг олдини олиш бўйича белгиланаётган чора-тадбирлар тўғрисида атрофлича тўхтатилиб ўтилди. Шу ерда вилоят ЙҲХХ ходимлари ихтиёридаги 5 та мультирадарли автомашиналарнинг имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Арнасой туманининг Ғафур Ғулом маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 2 гектар майдонга эга “Arnasoy limon agro” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишилди. Ушбу тадбиркорлик субъекти вакиллари жорий йилда 400 минг АҚШ доллари қийматида лимон ва қовун экспорт қилишни режалаштиришган.

Шунингдек, 530 иш ўрнига эга, йилига 104 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилаётган “Arnasoy gold teks” МЧЖга борилди. Бу ерда тайёрланаётган енгил саноат маҳсулотлари Россия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва БААга экспорт қилинмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзолари туманнинг Мирзо Бобур маҳалласида яшовчи Холбой Муродов хонадонида бўлишди. Ушбу фуқаро тикувчилик цехи, дўкон ва 2 сотих майдонга эга иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиш орқали 4 та иш ўрни яратган. Шу жойда маҳалла вакиллари билан мулоқот ташкил қилинди.

Зафаробод туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3- сектор штабида яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Бу ерда Бирлик маҳалласи фаоллари, ҳоким ёрдамчилари, профилактика инспекторлари ҳамда ёшлар етакчиларига ҳудудларда ишни ташкил қилиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. Штабда ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари томонидан Жиззах вилояти мисолида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича олиб борилган илмий изланишлар натижалари ҳақида маълумот берилди.

Ишчи гуруҳи аъзолари Пахтакор туманидаги «Пахтакор барака чеварлари» МЧЖ ҳамда Пахтакор маҳалла фуқаролар йиғини ва ички ишлар органларининг 115- сонли ҳуқуқ-тартибот масканида ҳам бўлишди. Бу жараёнда асосий эътибор бандликни таъминлаш ва жиноятчиликни жиловлаш масалаларига қаратилди. Қисқаси, ўрганишлар давомида аниқланган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш чоралари белгилаб олинмоқда. Ишчи гуруҳи вилоятдаги фаолиятини давом эттиряпти.

Text to speech