7 Январ 2022 йил 567

Иш маъмурий тартибда кўриб чиқиш учун судга юборилган

Ижтимоий тармоқларда Зомин туманидаги 5- сонли ўрта умумтаълим мактаби директорининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари Ф.Ю. ҳамда мазкур мактабда кадрлар менежменти йўналишида фаолият олиб бораётган Ж.Б. ўртасидаги жанжал тасвирлари тарқалди. 2021 йилнинг 13 ноябрида юз берган мазкур ҳолат ўрганилганида келишмовчилик директор ўринбосари Ф.Ю.нинг 5 кунлик иш ҳақи ушлаб қолиниши ортидан содир бўлгани аниқланди.  

Томонлар даҳанаки тортишаётган пайтда директор ўринбосари Ф.Ю. Ж.Б.нинг ёқасидан ушлаб, елкасидан туртган. Ж.Б. бунга жавобан Ф.Ю.нинг бўйин қисмига бир марта тарсаки урган. 

Шундан сўнг Ф.Ю. Зомин тумани марказий шифохонасига бориб, биринчи тиббий ёрдам олган ва ўша куниёқ даволаниш учун вилоят акушерлик комплексига ётган. Тиббиёт муассасаси маълумотномасига кўра, 17 ноябрь куни Ф.Ю.нинг 9-10 ҳафталик ҳомиласи ўз ўзидан тушган, яъни унда кольпит, сурункали камқонликнинг ўрта оғир даражаси (гемоглобин 70%) қайд этилган.

Суд тиббий экспертизаси Ф.Ю.нинг чап қўл 5- бармоғининг ташқи юзасидаги шилиниш қаттиқ тўмтоқ жисмлар таъсирида етказилган бўлиши мумкинлигини қайд қилган ва бу жароҳатни соғлиқнинг бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати сифатида баҳолаган.

Шунингдек, судга оид комиссион экспертиза томонидан Ф.Ю.нинг ҳомиласи тушиши аёлдаги соматик касалликларга, хусусан камқонлик даражаси ва кольпит ҳамда патологик ҳолатларга боғлиқлиги, ҳомиланинг тушишига чап қўл 5- бармоғининг ташқи юзаси шилинишининг алоқаси йўқлиги инкор этилмаслигини қайд этган.

Қисқаси, мазкур ҳолат бўйича ўтказилган терговга қадар текширув бирон бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлигини кўрсатди. Шу сабабли тўпланган ҳужжатлар маъмурий тартибда кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Зомин тумани судига юборилган.              

 

Text to speech