9 Ноябр 2022 йил 462

Ишчи гуруҳ фахрийларга тиббий ижтимоий кўмак кўрсатди

Меҳр-оқибатли бўлиш, қариялар, ёлғизлар ҳолидан хабар олиш, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш халқимизга ҳос қадриятларидан биридир. Бу борада юртимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Дўстлик тумани ИИБ ҳамда туман ҳокимлиги томонидан шундай хайрли ташаббусга қўл урилди. Туман ИИБда туман тиббиёт бирлашмаси, профилактика инспекторлари, туман тиббий ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими ходимлари ҳамда жамоатчилик иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йўриқнома йиғлишида ишчи гуруҳ томонидан амалга ошириладиган ишлар белгилаб берилди. Хусусан, ёлғиз қарияларнинг саломатлиги, яшаш жойи ободлигини сақлаш, муаммоларини атрофлича ўрганиш ва ҳал этиш лозимлиги тушунтирилди.

“Ҳеч бир фуқаро ўзининг муаммолари билан ёлғиз қолмаслиги керак” шиори остидаги тадбир доирасида ишчи гуруҳлари маҳаллаларда бўлиб, ёлғиз қариялар билан суҳбатда бўлишди. Тиббиёт ходимлари уларнинг саломатлигини текширган бўлса, маҳалла фаоллари ва туман ҳокимлиги масъуллари мавжуд муаммоларга диққат қилишди. Ўрганиш давомида Ғафур Ғулом маҳалласида яшовчи Сожида Эшбоеванинг даволанишга мухтожлиги ойдинлашди.

Қайд этиш жоиз, Сожида она ижтимоий хизматга олинган. Туман тиббий ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими ходими ҳафта давомида 2-3 маротаба зарур ёрдамларни кўрсатади.

Ишчи гуруҳ аъзолари 93 ёшли Расул Ҳамдамов билан ҳам суҳбатлашишди. Мавжуд муаммоларини ўрганиш асносида саломатлиги кўздан кечирилди.

Бугунги кунда туманда 39 нафар ёлғиз қариялар истиқомат қилишади. хайрли ташаббус доирасида барча ёлғиз қарияларнинг кунлик турмуш тарзини назорат қилиб бориш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида маҳалладан вакиллар бириктирилди.

Шунингдек, туман ички ишлар бўлимида ишчи гуруҳ томонидан аниқланган муаммолар ҳал этилишини ташкил этишга қаратилган штаб фаолияти йўлга қўйилган. Бу жараёнда кўтарилган масалалар мутасадди ташкилотларга юборилиб, ижроси ўз вақтида бажарилиши назорат қилинмоқда.

Text to speech