Ишчи гуруҳ ўрганишлари якунига бағишланган йиғилиш ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 10-11 август кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижроси доирасида вилоятда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни ҳамда аҳоли осойишталигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар Ички ишлар вазири ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи, генерал-майор Даврон Назармухамедов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилоятида ўрганишлар олиб борди.
Ишчи гуруҳ томонидан вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари, маҳаллалар ва олис қишлоқлар ўрганилди. Жараёнда қизил тоифадаги маҳаллалар, вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар, судларда низолашаётган шахсларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш, кибержиноятларнинг олдини олиш ва бу турдаги қонунбузарликларни “иссиқ изи”да фош этиш, фуқаробай ишлаш, шахсий таркибда хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш каби бир қатор масалаларга эътибор қаратилиб, таҳлил қилинди.
Жиззах вилояти ҳокимлигида ишчи гуруҳ ўрганишларининг якунига бағишланган видеоселектр тарзида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев бошқарган йиғилишда вилоят ҳамда шаҳар-туманлар секторлар раҳбарлари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, ички ишлар, прокуратура органларининг тегишли соҳавий хизмат раҳбарлари, ҳокимларнинг ўринбосарлари, бошқа тегишли ташкилот, муассасалар раҳбарлари иштирок этишди.
Тадбирда ИИВ ўринбосари, генерал-майор Даврон Назармухамедов ишчи гуруҳ вилоятдаги мавжуд криминоген вазиятни таҳлиллар асосида комплекс ўрганиб, давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижроси доирасида Жиззах вилоятида жиноятчиликни жиловлаш борасидаги “Жиззах тажрибаси”ни яратиш ҳамда “Бухоро тажрибаси”ни қўллашга доир манзилли ишлар олиб бориб, “Йўл харитаси” ишлаб чиқилганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, ИИВ Академияси томонидан вилоятда криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқилгани таъкидланди.
Йиғилишда “Жиззах тажрибаси”ни яратиш юзасидан ишлаб чиқилган “Йўл харита”си асосида профилактик чора-тадбирларнинг янада самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳар ойда бир марта халққа мурожаатнома билан чиқиш, маҳалла-шаҳар ва туманлар ҳамда вилоят кесимида ҳокимлар томонидан “ижтимоий профилактика” тизими билан шахсан шуғулланиш, ой якуни билан аниқ муаммоли масалалар ва таклифларни халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига тақдим этиш ва муҳокама қилиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда жамоат хавфсизлигинги таъминлаш, ташкил этилган “Мобил психологик хизмат кўрсатиш” ва “Мобил тарғибот” гуруҳлари фаолиятини кучайтириш, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида “маҳалла бешлиги” тизими фаолияти самарадорлигини ошириш чоралари, тажриба сифатида Жиззах шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур маҳалласини “жиноятдан холи маҳалла”га айлантириш, ўғирлик ва фирибгарлик, тан жароҳати билан боғлиқ жиноятлар, йўл транспорт ҳодисалари, ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган турли жиноятларнинг содир этилишига имкон бераётган омиллар, сабаб ва уларнинг оқибатлари, аҳолининг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш борасидаги ишлар тилга олинди.
Шунингдек, Жиззах шаҳридаги криминоген вазияти оғир бўлган З.М.Бобур номли маҳаллани “жиноятдан холи маҳалла”га айлантириш борасида амалга ошириладиган ишлар ҳам тақдимот қилинди. қисқаси йиғилишда шу ҳамда Бухоро ва Жиззах тажрибасини қўллаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.