Истиқлолнинг 30 йиллиги тантана қилинди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Тадбирда бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимларининг хизмати эътироф этилди.
Тантанали тадбирда вилоят ички ишлар органлари соҳавий хизматлари, Жиззах шаҳар ва Зомин тумани ички ишлар бошқармалари ҳамда барча туманлар ички ишлар бўлимлари ходимлари иштирок этдилар. Тадбир аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Қайд этилганидек, ички ишлар органлари тизимида кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, мустаҳкам, замонавий ва тезкор ички ишлар органлари барпо этишнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш, соҳа посбонларининг тинчликни асрашдек машаққатли хизматлари, заҳматли меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланди. Шунингдек, ислоҳотлар замирида бош мезон сифатида инсон манфаати ва эл осойишталигини таъминлаш ўз ифодасини топгани айтилди.
Тантанали тадбирда Президентимиз фармонига биноан давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган ички ишлар органлари ходимларига давлат мукофотлари топширилди. Бундан ташқари, Ички ишлар вазирининг буйруғига кўра, бир гуруҳ ходимлар “Бенуқсон хизматлари учун” ва “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишонлари, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан яна бир гуруҳ ходимлар Ички ишлар вазирлиги ва вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан махсус унвонлар, эсдалик қўл соатлари, фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тадбирда Жиззах вилояти маданият бўлими хонандалари томонидан концерт дастури намойиш этилди. Она-ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Қисқаси, вилоят ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги катта тантана қилинди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати