5 Сентябр 2022 йил 545

Истиқлол муносиб нишонланди

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллиги тантанали равишда нишонланди. Вилоят ИИБ, соҳавий хизматлар, ҳудудий ички ишлар бўлимлари ходимлари ва фахрийлар иштирокида ўтган тадбир аввалида республика Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов сўзга чиқиб, Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Сўнг Ички ишлар вазирининг буйруғи асосида хизмат давомида фидойилик кўрсатаётган ходимлар рағбатлантирилди.

Бир гуруҳ соҳа вакилларига “Аъло хизматлари учун”, “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари, муддатидан олдин ва навбатдаги махсус унвонлар, моддий ёрдам сертификатлари топширилди. Худди шундай, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг буйруғи асосида яна бир қатор фаоллар фахрий ёрлиқ ва совғаларга эга бўлишди.

Тадбир давомида янгидан барпо этилган Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тарихи музейининг очилиш маросими бўлиб ўтди ва байрам иштирокчилари музейдаги экспонатлар билан танишдилар. Кенг ва ёруғ, 4 та хонадан иборат мазкур зиё масканида ички ишлар органлари ходимларининг давлат мукофотлари, жиноятни очишда қўлланилган қурилмалар, алоқа воситалари, ҳужжатлар, жиноятларга дохил ашёларни кўриш мумкин.

Турли йилларга хос фотосуратлар ва хизмат кийимлари ички ишлар органлари ходимларининг фаолият тарзи, ютуқларидан сўзлайди. Фотоаппаратлар, овоз кучайтиргичлар, аудио ва видео қурилмалар, махсус воситалар соҳа вакилларининг ўтмишдаги хизматига доир тасаввурингизни бойитади.

Қолаверса, музейдан юртимиз, хусусан Жиззах вилояти тарихи, шунингдек улуғ сиймоларга оид маълумот ва экспонатлар жой олган. Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари спорт соҳасида эришган ютуқлар ҳам ўз ифодасини топган.

Янги Ўзбекистон ички ишлар органларига оид қонун ҳужжатлари нусхалари, соҳада кечаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларни акс эттирувчи паннолар юзага келтирилган. Бундан ташқари ашё ва экспонатлар тўғрисидаги маълумотларни замонавий ахборот технологиялари орқали олиш имконияти яратилган. Қисқаси, вилоят ички ишлар органлари ходимларининг маънавий ҳаётида яна бир эзгу ўзгариш юз берди. Айтганча, 1984 йилда ташкил топган Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тарихи музейида 5 мингдан ортиқ экспонат, фотосурат ва буюмлар бор.

Улуғ айёмга бағишланган тадбир бир пиёла чой устида ИИВ маданият саройи ашула ва рақс ансамблининг байрамона концертига уланиб кетди. 

Text to speech