Ишчи гуруҳ фаолиятидан
Ички ишлар вазири ўринбосари – маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи, генерал-майор Даврон Назармухамедов IT park Жиззах филиали фаолияти билан танишди. Бу ерда вилоятда рақамли иқтисодиётни кенг ривожлантириш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларга шарт-шароитлар яратиб бериш, аҳолининг, айниқса ёшларнинг рақамли технологиялар соҳасидаги билимларини ошириш борасидаги ишларга эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, Жиззах вилояти ИИБга қарашли 40- сонли МТТда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари ҳам кўздан кечирилди.
Ушбу каптал таъмирлаш ишлари “Қурилиш брокер сервис” МЧЖ қурувчилари томонидан амалга оширилмоқда. 360 ўринли муассасанинг ҳозирда машғулот хоналари, йўлаклар билан бирга ёз ойларида дам олишга мўлжалланган соябонларни пайвандлаш, бўёқлаш ишлари олиб борилмоқда. Бунёдкорликлар яна саноқли кунлардан сўнг, аниқроғи сентябрь ойининг дастлаб кунларига якунланиши кўзда тутилган. Ўрганиш чоғида муассасада тарбияланувчилар учун зарур шароитни яратиш, тарбиячи ва педагогларни ўқув услубий қўлланмалар билан таъминлаш масалаларига ҳам диққат қилинди.
Ш.Рашидов тумани “Куёвбоши” МФЙ ҳудудида якка тартибда уй-жойлар қурилмоқда. Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Даврон Назармуҳамедов, вилоят ҳокими Эргаш Салиев ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировлар мазкур бунёдкорлик ишларининг боришини кўздан кечиришди. Қурувчилар билан мулоқот давомида турар жойларда яратиладиган имкониятлар, электр, табиий газ, ичимлик суви ва оқова тизимларини юзага келтириш борасида қилиниши лозим бўлган масалалар тилга олинди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, барпо этилаётган 104 та уйнинг ҳар бири 3 хона ва 6 сотих майдонга эга бўлади. Турар жойларни жорий йил 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари кунида фойдаланишга топшириш режа қилинган.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати