Иқтидорли ёш спортчилар сараланди
Шу йилнинг 12, 13 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида спортнинг қўл жангги тури бўйича мусобақа ўтказилди уюштирилди.
Лицей очиқ биринчилиги мусобақаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Унинг очилишида спортнинг инсон саломатлигида тутган ўрни ва аҳамияти хусусида сўз борди. Спортни сев, спорт билан яша шиори остидаги беллашувда спортчилар 9 та вазн тоифасида баҳсга киришдилар. Мазкур биринчилик ўз навбатида вилоят, республика терма жамоаларига спортчиларни саралаш вазифасини ҳам ўтади дейиш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда лицей ўқувчилари мураббийлар Пўлат Маннонов ва Жаҳонгир Абдураҳмоновлар раҳбарлигида спортнинг қўл жангги ва аралаш жанг санъати турлари сирларини ўрганмоқдалар. Турли чемпионатларда қатнашган спортчиларнинг эришган натижалари ҳам қувонарли. Хусусан, Шахбоз Мўминов, Асадбек Муродов, Сарвар Ғаниев, Муносиб Мамажонов қизлардан Муслима Ғаниева, Фотима Тинчликовалар турли беллашувларда кучини намоён этиб, шоҳсупада юқори ўринни банд этиб келишмоқда. Айни дамда эса билим даргоҳида 3 нафар жаҳон, 2 нафар осиё, 10 нафар республика чемпионлари таълим олиш билан бирга спорт сирларини ҳам қунт билан ўрганишмоқда. Ҳозирда лицей спортчилари вилоят, республика ва осиё ҳамда жаҳон чемпионатларига қизғин тайёргарлик кўришаяпти.
Ўсмирлар ва қизлар ўртасида бўлиб ўтган мазкур мусобақа ҳам спортчиларнинг ўз имкониятларини яна бир бор синовдан ўтказиш, маҳоратини намоён этиш имкони берди.
Қизғин кечган очиқ биринчилик якунида ҳар бир вазн бўйича ғолиблар номи аниқланди. Ёш спортчилар ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи маъмурияти томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати