Қизлар кубок учун беллашди
Спортнинг волейбол тури бўйича вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи кубоги учун ўтказилган мусобақа очилишида вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров юртимизда оммавий спорт турларини ривожлантириш борасидаги ишлар, мазкур беллашувларнинг аҳамияти ва шахс камолотидаги ўрни хусусида тўхталди. Шунингдек, вилоятимизнинг ёш спортчилари қўлга киритаётган ютуқлари эътироф этилиб, иштирокчи хотин-қизларни байрам билан қутлади. Шундан сўнг мусобақага старт берилди.
Айтиш жоиз, спорт тадбири мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида ташкил этилди. 3- сектор ҳудудларида яшовчи уюшмаган ёшлар иштирокидаги мусобақада асосий эътибор иқтидорли ва истеъдодли ёшларни селекция қилиш орқали профессонал спорт жамоаларига жалб этишга қаратилган. Ушбу беллашувлар 80 та маҳалланинг қарийб 650 га яқин хотин-қизларини қамраб олди. Ҳудудий босқичларида ғолибликни қўлга киритган 13 та жамоа эса мусобақанинг вилоят босқичида маҳоратларини яна бир бор намоён этишди. Қизғин курашлар остида ўтган беллашув финалида зоминлик ва зарбдорлик волейболчилар учрашишди.
Жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишни тарғиб этиш, ёшларнинг соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларини шакллантириш ва спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш орқали соғлом рақобатни йўлга қўйиш кўзда тутилган беллашув давомида жамоа аниқ мақсад йўлида бирлашиб, ғолиблик учун астойдил кураш олиб боришди. Жараёнда ёш волейболчилар куч-ғайрат ва шижоатларини намойиш этишди.
Якуний натижаларга кўра Зарбдор тумани волейболчилари биринчи, зоминликлар иккинчи ва ғаллаоролликлар учинчи ўринни банд этишди. Ғолибларга вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров диплом ва қимматбаҳо совғаларни топширди.
Тақдирлаш маросими сўнггида вилоят маданият бошқармаси томонидан бадиий дастур намойиш этилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати