Яхшилар ёди
Жамиятда тинчлик, осойишталик таъминланишида ички ишлар органлари ходимларининг алоҳида ўрни бор. Зеро, улар тунни тонгга улаб, ҳар қандай об-ҳаво шароитида хизматда бўлади. Кези келганда ҳатто ўз жонидан ҳам кечади. Марҳум сержант Кенжабой Сулаймонов шундай мард ходимлардан саналади.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати отряди учинчи сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати инспектори вазифасида хизмат қилган Кенжабой Сулаймонов кўрсатган фидойилиги билан яқинлари, сафдошларининг ёдида сақланиб қоладиган ҳаёт йўлини босиб ўтди, десак хато бўлмайди. Боиси ким билан суҳбатда бўлманг уни хушчақчақ инсон ва ўз ишининг фидойиси сифатида ёдга олади.
2019 йилнинг сўнгги ойларида Хитой халқ республикасида аниқланган коронавирус инфекцияси тез орада бутун дунёга тарқалди. 2020 йилнинг 15 март санасида мамлакатимизда ҳам ушбу инфекция билан касалланиш қайд этилди. 1 апрел санасида кучайтирилган карантин талаблари жорий этилди. Бу вақтда барча фуқаролар ўз уйларида қолиб, инфекциядан ҳимояланиш чораларини кўраётган вақтда ички ишлар органлари ходимлари ўз хизмат жойини ташлаб кетмасдан аҳоли огоҳликка чақирилиб, карантин талаблари бажарилишини назорат қилдилар. Кенжабой Сулаймонов Ватан олдидаги вазифасини бажариш чоғида коронавирус инфекциясини юқтириб олади. Бироқ кўрилган чораларга қарамай 2020 йил октябр ойининг ўнинчи санасида вафот этди.
Кенжабой Сулаймонов турмуш ўртоғи билан 5 нафар фарзанд тарбиялаб, тўнғич қизини турмушга чиқаришгагина улгурди. Ундан кейингилари ҳали мактаб ўқувчиси, ўғли мактабга ҳам бормаган. Набирасини эркалашга-да улгурмаган марҳумнинг бошлаган кўпгина ишлари эса сўнггига етказилмасдан чалалигича қолди.
Муроджон марҳумнинг ёлғиз ўғли. Ҳар замонда дадасини қўмсаб ҳарахаша қилиб оладиган беш ёшли гўдак дадасидек ички ишлар органлари ходими бўлишни мақсад қилган.
2018 йилдан буён Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл патруль хизмати отряди учинчи сафарбарлик гуруҳи йўл-патруль хизмати инспектори сифатида фаолият юритан сержант Кенжабой Сулаймонов соҳадаги фаолиятини 1998 йилда бошлаган. 22 йиллик фаолияти давомида Дўстлик ва Зомин туманлари ички ишлар бўлимларида ҳам хизмат қилди.
Афсуски, одамзод бу дунёга ўз хоҳиши билан келмайди, ўз хоҳиши билан ҳам кетмайди. Қачон кетмоқ эса тақдири азал. Ҳар қандай инсонга сабр тилашдан бошқа сўз айтолмайсан. Кўнгилга фақат хотиралар таскин беради. Хотиралар билан яшайсан. Яхши амаллар эса ҳеч қачон унутилмайди. Ҳаётда завқу-шавқ билан унинг ҳар бир неъматидан баҳраманд бўлиш ва атрофдаги инсонларга эзгулик илиниб яшаган сержант Кенжабой Сулаймонов сингари фарзандлар хотираси эсдан чиқмайди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.