15 Август 2022 йил 516

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кучайтирилмоқда

Жиззах шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Хавфсиз ҳудуд” профилактик тадбири доирасида аҳоли ўртасида тарғиботлар билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан суҳбатлар қилинаяпти. Оққўрғонлик маҳалласида ўтган шундай тадбирда ИИО ходимлари томонидан 20 га яқин маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. Икки нафар шахс эса совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни олиб юргани маълум бўлди.

Шунингдек, маҳалла ҳудудидаги бир марталик иш билан таъминлаш марказига бошқа шаҳар ва туманлардан ишлаш мақсадида келган фуқаролар билан ҳам профилактик ишлар олиб борилди. Чунончи, Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ҳамда Жиззах шаҳар ИИБ бошлиқлари ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноят учун жавобгарлик муқаррар эканлиги ҳамда унинг оқибатларини тушунтиришди.

Тадбир давомида ёлланма ишчиларнинг шахсига аниқлик киритилиб, бармоқ излари ва фотосуратлари олинди. Ўрганишлар давомида ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган уч нафар шахс профилактик ҳисобга олинди ва уларга яшаш жойларидан мураббийлар бириктирилди. Яна уч нафари жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, фуқароларнинг тинчлигини бузувчи ҳаракатлар содир этиши мумкин бўлганлиги сабабли ҳушёр ҳолга келгунига қадар Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят минтақавий филиалига, назоратсиз юрган Зомин туманида яшовчи бир нафар вояга етмаган ота-онаси ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга топширилгунига қадар Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБга қарашли вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Қисқаси, ўтказилаётган профилактик тадбирда аҳоли хушёрлигини ошириш, содир этилиши мумкин бўлган қонунбузулишларнинг олдини олишга хизмат қилаяпти.

Ҳудудида криминоген вазиятни янада яхшилаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган кенг қамровли тезкор-профилактик ва тарғибот тадбирлар давом этмоқда.

Text to speech