Янгикентда сайёр қабул ўтди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Зарбдор туманининг Янгикент маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказди. Тадбир аввалида 3- сектор ҳудудида яшовчи ёшларнинг 4 нафарига олий таълим учун контракт, 2 нафарига ҳарбий сафарбарлик резерви сафларида хизмат қилиш, 1 нафарига эса ҳайдовчилик курсида ўқиш тўловлари тўлаб берилишига оид сертификат ҳамда икки нафар фуқарога тикувчилик машинаси топширилди.
Шунингдек, бир гуруҳ ёшлар 3- сектор раҳбаридан фуқароликни тасдиқловчи ID карталарни қабул қилиб олди. Бундан ташқари Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида маҳалланинг фаол ёшлари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мулоқотлар давомида эса кўчаларга шағал ётқизиш, ичимлик суви тармоғи тортиш, чиқиндиларни олиб чиқишни йўлга қўйиш, ер ости сувларини қочириш, турар жойни таъмирлаш, пенсия миқдорини ошириш, олий таълим учун контракт тўловини тўлаш, никоҳга оид ҳужжатларни расмийлаштириш, моддий ёрдам олиш, уй қуриш учун ер участкаси ажратиш каби 20 га яқин масалаларда кўмак сўралди.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ҳамда Зарбдор тумани ҳокими Зафар Рўзиев томонидан фуқаролар муаммоларини ҳал қилиш бўйича ҳудуд масъулларига топшириқлар берилди.