Фаолият таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди
Жиззах вилояти Пахтакор тумани ички ишлар бўлимида вилоят ички ишлар бошқармаси маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматининг 2021 йилдаги фаолияти таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси тиббиёт бўлими фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Ҳудудий ички ишлар бошқармалари ва бўлимлари ҳамда соҳавий хизматлар бошлиқларининг маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бўйича ўринбосарлари ҳамда мазкур хизмат ходимлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаев бошқариб борди.
Йиғилиш аввалида Мирзачўл туманида яшовчи, ички ишлар органларида узоқ йиллар фаолият кўрсатган фахрий Хали Игамовга Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи асосида “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони топширилди. Худди шундай, маънавий-маърифий соҳада ички ишлар органлари билан яқин ҳамкорлик қилаётган Зафаробод тумани маънавият ва маърифат маркази раҳбари Саодат Инатова “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишонини қабул қилиб олди.
Тадбир давомида вилоят ички ишлар органлари ходимларининг маънавий ва сиёсий билимларини ошириш, жисмоний ва касбий тайёргарлигини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар танқидий руҳда муҳокама этилди. Бу жараёнда вилоят ички ишлар бошқармаси маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш ҳамда тизимни кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи ўринбосарларининг ҳисботлари тингланди.
Сўзга чиққанлар маънавий-маърифий дарслар, спорт машғулотларининг ташкил этилиши, ходимларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий билимлари ҳамда жисмоний тайёргарлиги борасида аниқланган камчиликларни тилга олдилар. Хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этилишига оид масала ҳам кўриб чиқилди ва мавзуга оид бир нечта ҳолатлар тафсилотларига тўхталиниб, кўрилган чора ва тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Шу маънода, ходимбай ишлашни кучайтириш, хизматга масъулият билан ёндашмаётганларга эътибор қаратиш, ҳамкасбларига ибрат бўлаётганларни рағбатлантириш, устоз-шогирд анъанасини самарали қўллаш, ҳафтанинг жума - “Ватанпарварлик куни”да ўтказиладиган тадбирлар сифатини ошириш, соҳа вакилларининг китобхонлик маданиятини юксалтириш масалалари кўтарилди.
Ички ишлар органлари ходимларининг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини кучайтириш борасидаги фаолият ҳам йиғилганлар диққат марказида бўлди. Маълумот ўрнида айтиш керак, 2021 йилда Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари иштирокида 135 та спорт мусобақаси ташкил этилган. Ҳафтада икки марта спорт машғулотлари уюштирилмоқда. Шундай бўлса-да айрим ходимлар жисмоний ва жанговар имкониятларни аниқлашга қаратилган синовлардан ўта олмаганлар. Бундан ташқари ортиқча вазнга эга ходимлар ҳам йўқ эмас. Шу боис масъулларга спорт тадбирларини сифатли ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда республика Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими бошлиғи, подполковник Шавкат Умиров сўзга чиқиб, хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш борасида шахсий хавфсизлик тизими билан ҳамкорлик қилиш ҳамда кузатилаётган баъзи нуқсонларни бартараф этишга доир таклиф ва мулоҳазаларини баён этди.
Тадбирда ходимларнинг интеллектуал, касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлигига оид камчиликларга маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати масъуллари бевосита жавобгар эканликлари билдирилиб, фаолиятни жонлантириш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, бир қатор шаҳар ва туманлар ички ишлар органлари бошлиқларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарларининг ҳисоботлари тингланди ва 2022 йилга оид режалар белгилаб олинди.
Йиғилишда вилоят ички ишлар бошқармаси тиббиёт бўлимига доир бир қатор масалалар ҳам кўриб чиқилди. Чунончи, ҳарбий тиббий комиссия фаолияти, ҳудудий ички ишлар бўлимлари ва соҳавий хизматларда санитария-эпидемиология меъёрларига риоя этиш, шунингдек ковидга қарши эмлаш, мажбурий профилактик тиббий кўрикдан ўтиш, ходимларнинг соғлигини тиклаш, даволаниш шароитларини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати