6 Апрел 2022 йил 288

Йиғиннинг 3- босқичи якунланди

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги ҳарбий қисмда ёш ватанпарварлар йиғинининг 3- босқичи якунланди. Ушбу йиғинга вилоятнинг 13 та шаҳар ва туманидаги 52 та сектордан 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ва “Ёшлар дафтари”га киритилган, муқим иш жойига эга бўлмаган 100 нафар йигитлар жалб қилинди. Улар 10 кун давомида ҳарбийлардек ҳаёт кечирдилар. Ёшларнинг саф машқи, қурол-яроғларни қисмларга ажратиш ва йиғиш, ўқ отиш, муҳандислик ва алоқа воситаларидан фойдаланиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш, топографияга оид кўникмалари оширилди. 

Шунингдек, йигитлар қизиқишига кўра 5 та гуруҳга ажратилиб, чилангарлик, электриклик, пайвандлаш, автомашина двигателини созлаш ҳамда автоэлектриклик сирларидан бохабар этилди. Бу ишни вилоятдаги бандликни таъминлаш ҳамда ҳунар ўргатишга ихтисослашган муассасалар усталари зиммаларига олдилар. Бизнес режа тузиш ва тадбиркорликни йўлга қўйиш бўйича ҳам сабоқлар берилди.

Қисқаси, ёшларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун зарур бўладиган кўникмалар шакллантирилди. Шунингдек, йиғин қатнашчиларининг ҳарбий ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш ва уларни мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларга фаол жалб этиш чоралари кўрилди. Хусусан, маънавий-маърифий тадбирлар ва театр томошалари уюштирилди. Худди шундай, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, вилоят прокурори ҳамда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг кубоклари учун спортнинг миллий кураш ва волейбол турлари бўйича мусобақалар ҳамда “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.

Таъкидлаш керак, ёш ватанпарварлар йиғинининг ёпилиш маросими ўзига хос тарзда ўтди. Секторлар раҳбарлари, ҳарбийлар, фахрийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ташкил этилган тадбирни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров очиб берди. Маросимда сўз олганлар мамлакатимизда ёшларнинг билим олишлари ва касб-ҳунар эгаллашлари учун яратилган шароитлар ҳақида фикр юритиб, йиғин қатнашчиларининг келгуси ишларида омадлар тиладилар.

Сўнг уларга муайян йўналишда касб эгаллаганликларига оид сертификатлар топширилди. Худди шундай, спорт мусобақалари ва интеллектуал ўйинлар ғолиблари тақдирланди. Якунда ҳарбий оркестр ва вилоят санъаткорларининг концерти уюштирилди.

          

 

Text to speech