8 Август 2022 йил 1016

Жиноят фаолар иштирокида муҳокама қилинди

Суд ижро ҳужжатига асосан алимент пулини ундириш учун борган МИБ ижрочисига тан жароҳати етказилди. Жорий йилнинг 5 август куни Бахмал туманида юз берган мазкур жиноят туман фаоллари ва ёшлар иштирокида муҳокама қилинди.

Бахмал тумани ҳокимлигида ўтган йиғилиш Жиззах вилояти ИИБ ва вилоят прокуратураси томонидан уюштирилди. Тадбирда тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари, профилактика инспекторлари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари иштирок этишди. Дастлаб ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, обод қилиш баробарида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар хусусида сўз борди. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида содир этилган қонунбузилишлар маҳаллалар кесимида таҳлил этилди ва 5 август куни юз берган жиноят тафсилотлари баён этилди.

Таъкидланишича, Бош прокуратура ҳузуридаги МИБнинг туман бўлими ижрочиси “Қутлуғобод” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Калтатой” қишлоғида яшовчи фуқародан шу қишлоқда истиқомат қилувчи собиқ турмуш ўртоғининг бир нафар вояга етмаган фарзанди фойдасига 15 миллион сўм алимент пулларини ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туман суди ижро ҳужжатига асосан 2 нафар ҳамкасблари билан борган. Хонадон соҳиби маст ҳолатда алимент пулларини бермаслик мақсадида жанжал кўтариб, қўлида бўлган ошхона пичоғи билан хизмат вазифасини бажараётган мажбурий ижро бюроси ходимининг танасига бир неча маротаба уриб, жароҳат етказган. Оқибатда жабрланувчи “қорин бўшлиғининг чап ва пастки қисми, кўкрак қафасининг чап биқин соҳаси ҳамда чап елка соҳаларига санчилиб кирган жароҳати” ташхиси билан туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажалар натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Муҳокамада мазкур жиноятнинг сабаб ва омиллари таҳлил қилинди, оқибатлари тушунтирилди. Маҳалла фаоллари ва нуронийлар ҳолат юзасидан фикрларини билдириб, шу каби мудҳиш ҳолат такрорланмаслиги, қонунбузилишларга қарши барча бирдек курашишлари лозимлигини таъкидлашди.

Шунингдек, бу каби мудҳиш ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда жамоат хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни жиловлаш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Text to speech