13 Август 2022 йил 945

Жиноят жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди

Жиззах шаҳар Оққўрғонлик маҳалласидаги “Бир марталик иш билан таъминлаш маркази”да ўтган муҳокама Жиззах вилояти ИИБ ва вилоят прокуратураси томонидан уюштирилди. Тадбирда тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари, аҳоли ва ёшлар иштирок этишди. Йиғилиш аввалида Жиззах шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишлар хусусида сўз борди. Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудда умумий жиноятлар камайган бўлсада, айрим турлари ошган. Тадбир давомида содир этилган қонунбузилишлар маҳаллалар кесимида таҳлил этилиб, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, маҳалла ҳудудида юз берган жиноятнинг айрим тафсилотлари баён этилди.

Таъкидланишича, 8 август куни соат 21:30 ларда мавсумий ишчилар, Зарбдор тумани Тараққиёт маҳалласи ҳамда Фориш тумани Боғдон қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 38 ва 31 ёшли икки фуқаро ўзаро гаплашиб турган. Уларнинг суҳбатига келиб қўшилган Самарқанд вилояти Булунғур тумани Қангли қишлоғида яшовчи 1966 йилда туғилган фуқаронинг кўйлаги чўнтагидан зарбдорлик шахс ҳазиллашиб, 50 минг сўм пулларини олиб қўйган вақтида жанжал келиб чиққан. Низо давомида булунғурлик шахс сумкасида бўлган ошхона пичоғи билан ушбу икки фуқарога тан жароҳати етказган. Оқибатда Зарбдор туманида яшовчи фуқаро кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан вафот этган, тан жароҳати олган иккинчи шахс эса Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Йиғилишда мазкур жиноятнинг сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар таҳлил қилинди. Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида мутасадди ташкилотлар, жамоатчилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан йўл қўйилган камчиликлар танқидий кўриб чиқилди. Якунда келгусида оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларнинг олдини олиш мақсадида “фуқаробай”, “оилабай” ва “хонадонбай” тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги юзасидан масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.

Text to speech