Жиноят муҳокама этилди
1983 йилда Ғаллаорол туманида туғилган С.И. 2012 йилдан буён форишлик 1972 йилдан туғилган А.Ў. билан шаърий никоҳ асосида Шароф Рашидов тумани Янгидиёр маҳалласида истиқомат қилиб келган. Оила бошлиғи жорий йилнинг 28 апрелида маст ҳолатда жамоат тартибини бузиб, қўшниларини сўкканлиги учун суд томонидан маъмурий жазо тайинланган. Бироқ у бундан тўғри хулоса чиқармаган. Жорий йилнинг 15 ноябрь куни маҳалладаги дўкондан вино ва ароқ сотиб олиб, яшаш уйида истеъмол қилган. Спиртли ичимлик таъсирида турмуш ўртоғи билан тортишиб қолган ва аёли С.И. унга кўп спиртли ичимлик истеъмол қилмасликни айтиб гап қайтарган. Шунда эр маст ҳолатда “Нега мени ҳақорат қиласан” -деб қўли билан аёлининг турли жойларига уриб тан жароҳати етказган. Оқибатда жабрланувчи С.И. воқеа жойида вафот этган, бир нафар вояга етмаган 2013 йилда туғилган фарзанд эса ҳам отасиз, ҳам онасиз етимликда умр кўришга маҳкум бўлди.
Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан 2022 йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи А.Ў. қамоққа олинган. Айни пайтда вилоят ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидани тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур жиноий ҳолат муҳокамасига бағишланган йиғилишда секторлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар вакиллари, корхона ва ташкилотлар, муассасалар масъуллари иштирок этдилар. Тадбир аввалида ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш, иқтисодиётни юксалтириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасидаги ишлар хусусида сўз борди. Шунингдек, маҳаллада содир этилган жиноятнинг айрим тафсилотлари очиқланди.
Муҳокамада 39 ёшли аёлнинг бевақт ўлимига сабаб бўлган омиллар таҳлил қилинди, оқибатлари тушунтирилди. Маҳалла фаоллари ва нуронийлар ҳолат юзасидан фикрларини билдириб, шу каби мудҳиш ҳолат такрорланмаслиги, қонунбузилишларга қарши барча бирдек курашишлари лозимлигини қайд этишди.
Тадбирда маҳаллада ишсиз аҳоли қатлами бандлигини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий муҳофазалаш, она ва бола саломатлигини сақлаш, ёшларнинг истеъдодларини юзага чиқариш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ҳудудда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш даражасини яхшилаш, ноқонуний алкоголь маҳсулотлари савдосига қарши курашиш лозимлиги уқтирилди. Бундан ташқари ўниб келаётган авлод таълим-тарбиясига бефарқ бўлмаслик, қонунчиликка риоя этиш ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан ишлаш, уларни қийнаётган муаммоларини ҳал этиш, жамоат хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни жилолвлаш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати