Жиноят очилмасдан қолмади
2019 йилнинг 6 ноябрь куни тунги 23.40.ларда Жиззах шаҳрининг Тинчлик маҳалласида яшовчи Ҳ.Қ.нинг уйида ўғирлик юз берди. Номаълум шахс уй эгаларининг Тошкент шаҳрига тўйга кетганлигидан фойдаланиб, турар жой ётоқхонасидаги жавонда сақланаётган 1 миллион 100 минг сўмлик тақинчоқлар ва 400 минг сўм пулни олиб чиқиб кетган. Воқеа жойини ўрганиш давомида ўғрининг хонадонга том орқали кирганлиги аён бўлди.
Афсуски, ўша пайтда олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари кутилган самарани бермади. Лекин жиноятни фош этиш масаласи соҳа вакиллари эътиборида эди. Ниҳоят суриштирув натижасида мазкур қинғирлик Сирдарё вилояти Сардоба тумани Пахтаобод қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи, муқаддам ўғирлик қилгани учун судланган Д.А. томонидан содир этилгани аниқланди.
Маълум бўлишича, айбланувчи ўша пайтда тақинчоқларни вилоятнинг Зарбдор тумани Алишер Навоий маҳалласида яшовчи Н.П.га 800 минг сўмга сотиб юборган. Қисқаси, ўғри ҳибсга олинди.