Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғ.Т.Қодировнинг вилоят аҳолисига мурожаати
Азиз юртдошлар!
Бир неча кун илгари элимиз қадр топган, миллат улуғланган кун — Мустақиллик
байрамини улкан шодиёналар билан нишонладик. Ана шу қутлуғ аёмда юртимизнинг турли
ҳудудларида, хусусан, вилоятимизда бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари, таълим,
спорт, маданий ва маиший муассасалар
фойдаланишга топширилди. Бу ўзгаришлар замирида давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев
бошчилигидаги тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, мамлакат тараққиёти ҳамда
аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар мужассам.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда сиёсий ва иқтисодий жабҳаларда, шунингдек,
инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга
оширилдики, мазкур жиҳат жаҳон ҳамжамиятида юртимизнинг ривожланиш йўлидаги энг
хавфсиз мамлакатлар қаторида эътироф этилишига сабаб бўлаётир. Аммо
республикамизда, хусусан, вилоятимизда айрим турдаги жиноятлар ортиши
барчамизни қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятимизни
кучайтиришга ундамоқда.
Шу ўринда таъкидлаш керак, криминоген вазиятнинг мураккаблашувига
аҳолида ҳуқуқий ва молиявий билимларнинг етишмаслиги, мол-мулкни асраш
борасидаги камчиликлар, жамоатчилик назоратининг сустлиги, йўл ҳаракати қоидаларига
амал қилмаслик каби омиллар сабаб бўлаётир. Йил бошидан то бугунга қадар
вилоятда 1 минг 364 та кибержиноят қайд этилгани юқоридаги фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Зеро ушбу қонунбузарликларнинг 778 таси молиявий ва шахсий маълмуотларни
очиқлаш, 536 таси фирибгарларнинг алдовларига учиш оқибатида рўй берган. Жумладан,
айни нуқсонлар боис Фориш туманининг “Осмонсой” маҳалласида истиқомат қилувчи
шахснинг банк пластик картасидан 10 миллион сўм, Зомин туманининг “Халқобод”
маҳалласида яшовчи фуқаронинг банк пластик картасидан 7 миллион сўм ечиб олинган.
Аниқки, бу каби ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тезкор
қидирув тадбирлари амалга оширилади. Аммо турли шубҳали файллар очилмаганида,
молиявий маълумотлар сир сақланганида ҳеч ким жабрланмасди. Айрим фирибгарлар
эса арзон маҳсулот таклиф қилиш йўли билан фуқароларни чув туширяптилар.
Чунончи, Зомин туманининг “Пахтакор” маҳалласида истиқомат қилувчи аёл
телеграм каналда намойиш қилинган кийимни сотиб олиш учун ўзи яхши танимайдиган
шахснинг банк пластик картасига 275 минг сўм ўтказиб бериб, на пулини, на
кийимни ололди. Фуқаронинг мурожаати асосида ўтказилган тезкор тадбирлар
натижасида жиноят Тошкент шаҳри Юнусобод тумани “Ҳусниобод” маҳалласида яшовчи 24
ёшли қиз томонидан содир этилгани аниқланди. Суриштирувлар давомида гумон
қилинувчидан анчагина одам жабрлангани аён бўлди.
Демоқчи бўлганимиз, соддалик, ортиқча ишонувчанлик фазилат эмас. Буни
унутганлар фирибгарларнинг ўлжасига айланишади. Мисол учун, Жиззах шаҳрининг “Маданият”
маҳалласида яшовчи шахс киракаш орқали пойтахтдаги танишига 2 минг АҚШ доллари
бериб юборган. Англаганингиздек, ҳозирда жабрланувчининг аризаси асосида киракашдан
пулни ундириш чоралари кўриляпти.
Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кибержиноят ва
фирибгарликлардан ҳимояланиш бўйича тўхтовсиз тушунтириш ва тавсиялар бериб
борилаётганига қарамасдан мазкур турдаги жиноятлардан азият чекаётганлар сони
камаймаётгани ачинарлидир. Шу маънода барчани ўзгалар хатосидан хулоса
чиқаришга, яъни, киберхавфсизлик қоидаларига амал қилишга, ноқонуний тарзда
нотаниш кимсалар билан молиявий муносабатларга киришмасликка ундаб қоламиз.
Яна таҳлиллар шуни кўрсатяптики, халқимиз асрлар давомида фахрланадиган
оқибат, кенгфеъллик, ўзгалар дардини ҳис этиш ва кўмак бериш билан боғлиқ билан
қадриятлар бугун айрим кимсаларни тарк этаётир. Бинобарин, Шароф Рашидов
туманининг Тоқчилик маҳалласида яшовчи 45 ёшли шахс ўзидан 3 ёш кичик эркакни
“Нега мен ўрадиган ўтни ўряпсан?”, дея уриб, тан жароҳатлари етказган.
Зарбдор туманининг “Тошкесган” маҳалласида истиқомат қилувчи 59 ёшли
фуқарони эса 43 ёшли эркак “Нега мени чой ичишга чақирмадинг”, деган важ билан
дўппослаган. Яна бир мисол: Шароф Рашидов туманининг “Суғдиёна” маҳалласида
истиқомат қилувчи 54 ёшли ҳайдовчини 52 ёшли маҳалладоши “Йўлда нега автоуловимни қисиб
юбординг”, дея урган.
Табиийки, гумон қилинувчиларга нисбатан жавобгарлик чоралари
белгиланади. Аммо кимдир ўзини босганида, кечирганида бу кўнгилсизликлар
бўлмасди. Кези келганда айтиш керак, жорий йилнинг ўтган даврида 14 ҳолатда
оғир тан жароҳати етказиш, 53 ҳолат енгил тан жароҳати етказиш, 12 ҳолатда
оилавий зўравонлик қайд этилган.
Худди шундай, вилоятда йўл-улов ҳодисалари камаймаяпти. Жумладан, ўтган
8 ой давомида юз берган 113 та йўл-транспорт ҳодисаларида ҳайдовчи, пиёда ва
йўловчилар турли даражада тан жароҳатлари олган. 77 та йўл-улов ҳодисаси ўлим
билан ниҳояланган.
Хусусан, Шароф Рашидов туманининг “Туёқли” маҳалласи ҳудудидан ўтган
Тошкент – Термиз М-39 йўлининг 989- километрида мазкур туманнинг “Ёшлик”
маҳалласида яшовчи 25 ёшли йигитни номаълум транспорт воситаси уриб кетган ва
жабрланувчи вафот этди. Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида воқеа жойидан
қочган гумон қилинувчи Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Чойдара қишлоғида
яшовчи шахс эканлиги аниқланди.
Яна бир мисол: “Жиззах-Фориш” D-048 йўлининг 22- километрида “SHAСMAN” юк машинаси асосий йўлга чиқаётган
“Дамас”нинг орқасидан урган. Оқибатда “Дамас”даги йўловчининг бел умуртқаси
синган. Афсуски, йўл-улов ҳодисалари натижасида тан жароҳати олганлар ва вафот
этганларнинг анчагинаси болалардир. Ўз навбатида, барча юртдошларимиздан йўл
қоидаларига амал қилишни, айни йўналишдаги маданиятни фарзандларингизда
шакллантиришни, болаларни назоратсиз қолдирмасликни сўраймиз.
Шунингдек, қонунларга қатъий итоатда бўлишни тавсия қиламан. Токи
кимлардир жабрланувчига, қурбонга ёхуд жиноятчига айланиб қолмасин. Болаларга
эса “Жиноятчининг фарзанди”, деган тамға босилмасин.
Эътиборингиз учун раҳмат!