Жиноятчиликнинг олдини олиш бош мақсад
Зарбдор ойлиги доирасида Шароф Рашидов туманида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган маҳкумлар иштирокида профилактик тадбирлар ўтказилди.
Шароф Рашидов туман ҳокимлигида ўтган тадбир ички ишлар органлари пробация гуруҳи назоратида турган шахслар учун бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси билан бошланди. Ярмаркада туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамда корхона ва ташкилотлар иш жойини ўзгартириш истагида бўлган ёки иш билан таъминланмаган фуқароларга бўш иш ўринларини таклиф этдилар.
Туман ички ишлар органлари пробация гуруҳи ҳисобида турган 172 нафар шахс иштирокидаги йиғилишда вилоят прокурори ўринбосари Барно Умарова жазони ижро этиш чоғида мавжуд қоидаларга риоя этиш, белгиланган тартибни бузганлик учун ҳуқуқий жазо чоралари кўрилиши, аҳлоқан тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга қонунчиликка асосан енгил жазо турлари қўлланилишини тушунтирди.
Йиғилиш сайёр суд мажлиси билан давом этди. Судда жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман суди томонидан тўрт нафар озодликни чеклаш ҳамда аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган маҳкумларнинг иши кўриб чиқилди. Айтиш керак, судга чақирилганлар жазони ўташ тартиб-қоидаларига қатъий бўйсиниб, ўнгланиш йўлига кирганликларини амалда исботлашган. Шу боис улар муддатидан олдин шартли равишда озод этилди. Яъни, ушбу шахсларга нисбатан белгиланган барча чеклов ва мажбуриятлар бекор қилинди.
Шу куни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари ҳамда туман ички ишлар бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори пробация гуруҳи назоратида турган аёллар билан уларнинг муаммоларини ҳал этиш нуқтаи назаридан суҳбат ўтказдилар.
Туман ички ишлар органлари пробация гуруҳидаги муайян ҳунарга эга бўлмаган шахсларни касбга йўналтириш чоралари ҳам кўрилди. Чунончи, ўқиш истагини билдирган 7 киши билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Шу билан бирга улар тумандаги 2- сон касб-ҳунар мактабида ўқув ва амалий машғулот жараёнлари билан таништирилди.
Жиззах вилоят ИИБ ахборот хизмати