Жиззах шаҳар ички ишлар органлари ходимлари “давомат” тадбирлари ўтказди
Ўқувчининг кичик бир сабаб билан бир маротаба дарсга бормаслиги кейинчалик билим олишига ўз таъсирини ўтказиши шубҳасиз. Билим олишни хоҳламаган бола тенгдошларидан ҳам ортда қола бошлайди. Бу вақтда оила билан таълим муассасаси ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Акс ҳолда вояга етмаган шахс томонидан ҳаттоки ҳуқуқбузарлик содир этилиши ҳам ҳеч гап эмас. Шу каби қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида Жиззах шаҳар ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўрта умумтаълим мактабларида “давомат” тадбирлари ўтказилмоқда. Хусусан, Жиззах шаҳридаги 6- сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида олиб борилган ўрганишларда юқори синфларда 2, 3 нафардан, 19- ўрта умумтаълим мактабида ҳам 1 ва 2 нафардан ўқувчилар дарсда сабабсиз қатнашмаганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Жиззах шаҳрининг 20-, 27-, 16- ва 12- сонли ўрта умумутаълим мактабларида ҳам давомат тадбирлари давом эттирилди. 20- ўрта умумтаълим мактабида юқоридаги каби 1 ва 2 нафардан, 27- ўрта умумтаълим мактабининг биргина 11Б-синфда эса 25 нафар ўқувчидан 13 нафари, 12- сонли ўрта умумтаълим мактабининг 10А-синфда 33 ўқувчидан 13 нафари дарс машғулотларида қатнашмаётгани ойдинлашди.
Бундан ташқари, Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психологлари умумий овқатланиш жойлари, савдо марказлари, боғ ва хиёбонлар ҳамда кўнгилочар масканларида ҳам ўрганиш ишларини олиб боришди. Тадбир давомида мақсадсиз ва ота-оналар қаровисиз юрган, шунингдек тиланчилик билан шуғулланаётган вояга етмаганлар ички ишлар бўлимларига олиб келиниб тушунтириш ишлари олиб борилди.
Вояга етмаганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган профилактика ишлар давом этмоқда.