Жиззах шаҳрида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда
Жорий йилнинг 26 январь санасида Жиззах вилояти ички ишлар, Миллий гвардия ҳамда фавқулодда вазиятлар бошқармалари томонидан “Жиззах вилояти ҳудудида жиноятчиликни жиловлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш тўғрисида”ги қўшма қарор имзоланди. Шу асосда, Жиззах шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида “Хавфсиз ҳудуд” махсус-тезкор профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.
Хизмат олди йўриқномада ишчи гуруҳларга шаҳар ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, хуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни “иссиқ изидан” фош этиш вазифаси юклатилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларидан иборат гуруҳлар томонидан маҳаллаларда “Фуқаробай” ишлаш тизими бўйича тадбирлар олиб борилди. Бунда асосий эътибор, ҳар бир фуқаро билан индивидуал тартибда суҳбатлашилиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганишга қаратилди.
Шунингдек, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва унга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида 22 нафар агрессив хулқ атворга эга, 56 нафар спиртли ичимликка ружу қўйган, 70 нафар жиноят қилишга мойил, 172 нафар профилактик ҳисобда турувчи шахслар, 11 нафар пробация ҳисобида турувчи маҳкумлар билан профилактик суҳбатлар олиб борилди. Жараёнларда ушбу фуқароларга қонунбузарликларнинг оқибатлари тушунтирилди. Мазкур тадбирлардан мақсад ушбу фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш чораларини кўриш, уларнинг бандлиги таъминлаш орқали тўғри йўлга бошлашга қаратилган.
29 та низоли оилалар, 8 нафар ўзаро келишмовчилиги мавжуд фуқаролар билан мулоқотлар қилиниб, уларни яраштириш чоралари кўрилди. Уйма-уй юриб ўрганишлар давомида аниқланган ижтимоий, иқтисодий, психологик ва ҳуқуқий муаммолар ижобий ҳал қилинди.
Шунингдек, ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психологлари томонидан таълим муассасаларида “давомат” ва “тиғ” тадбирлари ўтказилди. Ўқувчилар билан мулоқотлар давомида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар олдини олишга оид ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Сир эмаски, сўнгги вақтларда банк пластик картасидан пул ечиб олиш билан боғлиқ қонунбузарликлар сони ортмоқда. Шу турдаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида жамоат жойларида тарғиботлар қилинди. Қонунбузарликларнинг сабаб ва омилларига эътибор қаратилди.
Жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишга йўналтирилган рейд тадбирлари давом этмоқда.