24 Март 2021 йил 1084

Жиззах шаҳридаги Ўрда экологик боғида ўн минг қадам акцияси ўтказилди

24 март - Халқаро силга қарши курашиш куни муносабати билан ташкил этилган тадбирни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари бошлаб берди.

Ички ишлар органлари ходимлари спорт кийимида эрта тонгдан Жиззах шаҳридаги Ўрда экологик боғида жам бўлди. Улар боғ ҳудуди бўйлаб ўн минг қадам босиб, бадантарбия машқларини бажардилар.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан пиёда юриш камҳаракатлилик оқибатида келиб чиқаётган кўплаб касалликларнинг олдини олиш, турли касалликларга иммунитет ҳосил қилишда кони фойда эканлиги қайд этилган. Эътиборли жиҳати, юриш барча спорт турлари орасида энг осони ва қулайидир. Бунинг учун жуда кўп энергия сарфлашнинг ҳожати йўқ, ижобий таъсири эса юқори. Шу маънода мазкур тадбир жисмоний тарбия ва спортни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилади.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш юзасидан ички ишлар органлари ходимлари ҳафтанинг шанба кунлари 10 минг қадам акциясида мунтазам иштирок этиб келади. Шунингдек, спорт турларидан мусобақалар уюштирилаяпти.

Ички ишлар идоралари ходимлари бошлаб берган акция Жиззах шаҳридаги 30 дан зиёд корхона ва ташкилотлар, муассасаларда меҳнат қилаётган фуқаролар, аҳоли иштирокида давом этди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech