Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Ғ. Т. Қодировнинг кириб келаётган Янги – 2023 йил муносабати билан соҳа ходимлари ҳамда фахрийларига йўллаган байрам табриги
Ҳурматли ички ишлар органлари ходимлари, офицерлар, сержантлар ва сафдорлар, қадрли фахрийлар сизларни Янги — 2023 йил билан чин дилдан қутлайман.
Азиз дўстлар!
Яхши маълумки, кейинги йилларда Президентимиз раҳбарлигида Янги Ўзбекистонимизда барча жабҳаларда, хусусан, ички ишлар органлари тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буни соҳага оид қонунларни изчил такомиллаштириш, тизим моддий-техник базасини кучайтириш ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялашга қаратилган тадбирлардан сезиш қийин эмас.
Мазкур янгиланишлар она юртимизнинг тинчлиги, бағрикенг халқимизнинг осойишталиги ҳамда ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айни мақсадда ҳар бир маҳалла ўз профилактика инспекторига эга бўлиши чоралари кўрилди. Шунингдек, бир қатор соҳавий хизматлар мақбуллаштирилиб, департаментлар ташкил этилди. Тизимда психолог инспектор, хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимлари жорий қилинди. Ушбу ўзгаришларга мос равишда ички ишлар органлари ходимларининг интелектуал, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини кучайтириш, хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш юзасидан диққатга молик тадбирларга қўл урилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш керак, Президентимизнинг “Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин”, деган фикри бугун соҳада фаолият олиб бораётган ҳар бир қонун ҳимоячисининг ҳаётий шиорига айланган. Яъни соҳа вакиллари жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қонунбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишга бор куч ва салоҳиятларини сафарбар этмоқдалар.
Қолаверса, хизматининг мезони адолат ва эл манфаатлари бўлган ички ишлар органлари ходимларининг фидокорона меҳнатларини элимиз ҳар қадамда ҳис этади ва юксак қадрлайди. Шундай экан ҳамиша ана шу ишончга муносиб қолишимиз шарт.
Қадрли ҳамкасблар!
Фурсатдан фойдаланиб, сизларни юртимизга “Инсонга эътибор ва таълим сифатини ошириш йили” сифатида кириб келган 2023 йил билан чин юракдан табриклайман, барчангизга мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга файзу барака, муқаддас бурчингизни бажаришда улкан муваффақиятлар тилайман. Мамлакатимиз обод, ҳар бир кунимиз осойишта бўлсин.
Янги йилингиз муборак бўлсин!
Ғайрат ҚОДИРОВ,
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор.