8 Март 2021 йил 1242

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам табриги

Жиззах вилояти ички ишлар органлари таркибий тузилмалар ва ҳудудий бўлинмаларида хизмат қилаётган азиз опа-сингилларимизни, фахрий аёлларимизни гўзаллик ва нафосат байрами 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этаман.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев “Биз халқимиз розилигини аввало, сиз, муҳтарама опа-сингилларимизнинг розилиги деб тушунамиз. Сизларнинг соғ-саломат, бахтли бўлиб яшашингизни амалга ошираётган барча-барча ислоҳотларимизнинг асосий мақсади ва мезони деб биламиз”, дея алоҳида таъкидлаганлар.

Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар натижасида аёлларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий жараёнларидаги иштироки тобора кучайиб бормоқда.

Қайсики соҳани олмайлик, албатта, у ерда аёлларнинг меҳнат қилаётганлигига гувоҳ бўламиз. Жумладан, хотин-қизларимиз ички ишлар органларида эркаклар билан бир сафда, бир мақсад йўлида садоқат ва фидойилик билан хизмат қилишаяпти.

Олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида шахсий таркибда аёллар улуши сезиларли даражада ортиб бормоқда. Уларнинг аксарияти турли раҳбарлик лавозимларида хизмат қилаётгани эътиборга моликдир. Асосийси, хотин-қизлар ўз вазифаларини юксак масъулият ва ватанпарварлик билан уддаламоқдалар. Шу маънода, биз улар билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Таъкидлаш жоизки, ички ишлар органларидаги фаол аёлларнинг хизматлари давлатимиз томонидан муносиб қадрланиб, юксак унвон ҳамда давлат мукофотлари билан тақдирланаяпти. Бу ҳаммамиз учун қувонарлидир. Ўз навбатида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси шахсий таркибдаги хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш ва рағбатлантириш чораларини кўрмоқда. 

Муҳтарама аёллар, азиз опа-сингиллар, фурсатдан фойдаланиб, барчангизни ушбу айём билан яна бир бор табриклайман. Сизларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилаб, баҳорий гўзаллик ва табассум доимо ҳамроҳингиз бўлишини ният қиламан.

Text to speech