31 Август 2022 йил 567

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Ғ.Т.Қодировнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигига 31 йил тўлиши муносабати билан байрам табриги

Қадрли юртдошлар, ҳурматли ҳамкасблар!

Бугун халқимизнинг энг қутлуғ айёми – мамлакатимиз Мустақиллигининг 31 йиллик байрами билан барча юртдошларимизни, хусусан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси, соҳавий хизматлар ҳамда ҳудудий ички ишлар бўлимлари шахсий таркибини ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ва фахрийларимизни муборакбод этаётганлигимдан мамнунман.

Шу маънода Мустақиллик туйғуси элимизни янада жипслаштириб, ҳар қандай қийинчиликларни мардонавор енгиб, улкан ютуқларни қўлга киритишда барчамизга чексиз руҳий қудрат манбаи вазифасини ўтаётганлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Яна эътироф этиш жоизки, ўтган даврда эл ва инсон азиз янги Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади ҳамда улкан тараққиёт йўлини босиб ўтмоқда.

Сўнгги йилларда Президентимиз бошчилигида ватан ва халқ манфаатлари йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртдошларимиз бир халқ сифатида бирлашди. Бу борада ички ишлар тизимида хизмат қилаётган ватанпарвар, фидойи, жасоратли ва мард ходимларнинг алоҳида ўрни борлиги барчамизни ҳақли равишда ғурурлантиради.

Ўз навбатида уларнинг мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, эркин ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаш йўлида олиб бораётган фидокорона хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланмоқда. Чунончи, Президентимизнинг 2022 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони асосида ҳамкасбимиз Ғаллаорол тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Исроилжон Нурматов “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди.

Дарҳақиқат, ўз Ватани ва бурчига садоқатли, жамият ва давлат манфаатлари йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган сиз фидойи инсонларни эл-юртимиз юксак қадрлайди.

Яна бир бор барчангизни энг азиз байрамимиз – Мустақиллик айёми билан табриклаб, сизларга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, узоқ умр, оилавий тотувлик, дастурхонингизга тўкинлик, қут-барака тилайман.

Масъулиятли ва шарафли хизматларингизда улкан зафарлар ёр бўлсин.

Text to speech