Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Ғ.Т. Қодировнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан байрам табриги
Ҳурматли ҳамкасблар!
Бугун халқимизнинг энг қутлуғ айёми – мамлакатимизда Давлат Мустақиллигининг 30 йиллик байрами билан сизларни – Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси, соҳавий хизматлар ҳамда ҳудудий ички ишлар бўлимлари шахсий таркибини, шунингдек хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ҳамда соҳа фахрийларини чин дилдан самимий муборакбод этаман.
Мустақиллик туйғуси элимизни янада жипслаштириб, ҳар қандай қийинчиликларни мардонавор енгиб, улкан ютуқларни қўлга киритишда барчамизга чексиз руҳий қудрат манбаи вазифасини ўтамоқда, десак хато бўлмайди. Ўтган даврда жонажон Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади ҳамда улкан тараққиёт йўлини босиб ўтмоқда.
Сўнгги йилларда Президентимиз бошчилигида ватан ва халқ манфаатлари йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртдошларимиз бир халқ сифатида бирлашди. Бу борада ички ишлар тизимида хизмат қилаётган ватанпарвар, фидойи, жасоратли ва мард ходимларнинг алоҳида ўрни борлиги барчамизни ҳақли равишда ғурурлантиради.
Ўз навбатида уларнинг мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, эркин ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаш йўлида олиб бораётган фидокорона хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланмоқда. Чунончи, Президентимизнинг 2021 йил 26 августдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони асосида Жиззах вилоятида ички ишлар органларида фаолият кўрсатаётган 4 нафар ходим, шунингдек 1 нафар марҳум ходим давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Ўз бурчига, ватанига садоқатли, жамият ва давлат манфаатлари йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган сиз фидойи инсонларни ватанимиз, эл-юртимиз ва халқимиз доимо юксак қадрлайди.
Яна бир бор барчангизни энг азиз байрамимиз Давлат Мустақиллиги айёми билан табриклаб, сизларга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, узоқ умр, оилавий тотувлик, дастурхонингизга тўкинлик, қут-барака тилайман.
Масъулиятли ва шарафли хизматларингизда улкан зафарлар ёр бўлсин.